ЖАЖЖИ ГУВОҲ (ҲУЖЖАТЛИ ҚИССА)

Жажжи Гувох

 

 

Насрулло Саййид

ЖАЖЖИ ГУВОҲ
(ҲУЖЖАТЛИ ҚИССА)

«Ўзбекистонда Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганлигининг
18 йиллиги»га бағишлайман

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига кўра, яқинда Тошкентда И.Каримовнинг янги китоби тақдимоти бўлиб ўтган. Китоб – «Юксак маънавият – енгилмас куч» деб, номланганмиш. Китоб ҳақидаги тўлиқ маълумот ҳали Канадага етиб келмади. Электрон варианти ҳам интернетда пайдо бўлганича йўқ.
Номланишга эътибор қаратилса, китобда яккаҳокимлик йилларидаги “мустақил” халқимизнинг ўн саккиз йилда эришган «юксак маънавият»и ҳақида сўз юритилади.
Эшитишимча, Ўзбекистондаги маддоҳлар аллақачон юксак минбарлардан туриб, ўзбек жамиятида эришилган оламшумул ютуқ – «юксак маънавият» ҳакида айюҳаннос сола бошлаганлар. Республиканинг ҳар жойида ваъзхонлик – “буюк асар”ни улуғлаш тадбирлари давом этмоқда экан.
Узоқ Канадада яшаб, мен ҳам ҳар бир хориждаги Ўзбекистон ватандоши сингари ўзбек жамиятида юзага қалққан бугунги маънавиятсизликни ҳар нафасимда ҳис қилиб тураман. Бу қадар очиқ таназзулни ҳис қилмаслик учун кишидан кўр ва карлик – бир сўз билан айтганда, руҳан мажруҳ ва маънан ўлик бўлиш талаб қилинади.
“Юксак маънавият” хусусида ёзилган “буюк асар”нинг жамият ҳаётидаги навбатдаги янги бир “маънавий инқироз” эканлигига ҳам қалбимда заррача шубҳа йўқ.
Бу китобни ёзганларнинг ва И.Каримовни “даҳо” деб кўкларга кўтариб мақтаётганларнинг халқимиз маънавияти билан аслида заррача ишлари йўқлиги кўпчиликка маълум. Иддаоларнинг сохта ва манфаатдорлик йўлидаги навбатдаги пухта ўйланган режа эканлигидан – мансаб ва шон-шуҳрат учун бошланган бир иш эканлигидан ҳам кўпчилик хабардор.
Миллат сифатида бизнинг кундан-кунга тарбиямиз тубанлашиб, илмдан узоқлашиб кетаётганимизга бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Юрт ичида туриб, жамиятнинг “жаҳолат” деб аталмиш жирканч бир ботқоққа ботаётганини илғамаслик учун китобни мустабидга “ёзиб берган” олимларнинг ақли жудаям заиф бўлиши керак. Ҳолбуки, улар ўзларини ҳаммадан кўра ақлли деб ҳисоблайдилар.
Бугун бизнинг суюкли Ватанимизда – ёлғончилик, сохтакорлик, порахўрлик, иккиюзламачилик каби иллатлар давлат сиёсатининг асосий устунларига айланиб улгурган. Бу каби иллатлар урчигандан-урчиган бир мамлакатда қандай қилиб маънавиятнинг юксалиши ҳақиди гап бўлиши мумкин?!
И.Каримовнинг бошқа китоблари каби ўнга яқин маддоҳ олимлар ёзиб берган ушбу “асар”ининг ҳам “ширин ёлғон”, ёки навбатдаги “риёкорлик” эканлигини сизларга англатиш учун бошимдан кечирган мудҳиш ҳодисалар асосида ҳаётим қиссасини ёздим. Воқеа-ҳодисалар миллий маънавиятимизга тажовуз бошланган йиллардаги разолатлар ҳақида сўзлайди. Маънавий илдизларимизни чиритишга астойдил бел боғлаган Каримов ҳукуматининг сўзда ва ишда ўз-ўзига зид сиёсати ҳақида баҳс юритади.

Болалар хонасидаги жангавор граната

Адолатга ўчлигим, юрт тақдирига бефарқ бўлолмаганлигим мени 1990 йилнинг бошида Ўзбекистон Олий Кенгашига олиб келди. Олий Кенгашда мухолифат фракцияси тузилишида фаол қатнашдим ва бир қатор ҳур фикрли депутатлар билан биргаликда Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш талаби билан чиқа бошладик. Сессия залидаги депутатлар ичида камида 20 – 30 киши қаттиқ ислоҳотчилик позициясида турарди ва ўз фикрларини қўрқмасдан айта оларди. Беш юз депутат ичидаги шу кичик гуруҳ, балким, ўшанда Ўзбекистондаги ҳаётни демокаратик бир ўзанга буриб юбориши ҳам мумкин эди. И.Каримов буни тез илғади ва уларга қарши нопок йўллар билан ғироммона курашни авж олдирди. Ҳар хил бўҳтон, туҳматлар ва сохта жиноят ишлари оқибатида ислоҳот талаб қилганлар бирин-кетин сессия залини «тарк эта» бошладилар. Бу И.Каримов келгусида яратишни ният қилган – «юксак маънавият» – яккаҳокимликнинг илк қадамлари эди. Аксига олиб фракциямиз раҳбари М.Солиҳ 1992 йил 2 июл куни ўз депутатлик мандатини топшириб, Парламентдаги курашини тўхтатди. Мухолифатчи депутатлар руҳиятида тушкунлик кайфиятлари зоҳир бўла бошлади. Сиёсатни ҳийла-найранг ўйини деб тушунадиган Каримов учун бундай ҳолат, айни муддао эди. Оқибатда, тумшуғи остида уни тап тортмай танқид қила оладиган овозлар кундан-кун сийраклаша борди. Сафлар сийраклашган сайин, ҳақиқат ва адолатни байроқ қилган овозларнинг шашти сўнишга юз тутди. Ўзбекистонда, Каримов тимсолида зулм ва ҳақсизлик бош кўтарди…
1993 йил. Сентябр ойининг охири.
Сиёсий курашлардан чекинмаган ҳолда катта бир қурилиш ташкилоти ва «Эрк»нинг Бухородаги бўлимига раҳбарлик қилардим. Депутатлик ваколатим ҳали ҳамон кучда эди. Ой охирида Тошкентда «Эрк» партиясининг навбатдаги қурултойи ўтказилиши режалаштирилган. Унда ташкилий масала кўрилиши керак эди.
Мен ўша кунларда бир гуруҳ бухоролик «Эрк»чиларни Тошкентга етказиб бориш режасини тузиш билан овора эдим. Қурултойга жўнаб кетишимизга бир кун қолганда, кеч соат ўнлар чамаси мени сўраб уйга Эркин деган бир мелиса майори йўқлаб келди. У вилоят ҳокими Ёдгоров сўраётганини айтиб, менга ўзи билан олиб келиш буюрилганини сўзлади.
Вобкент туман ҳокими Шавкат Иброҳимовнинг кабинетида вилоят ҳокими мени кутиб турарди. Унинг талаби; эрта-индин бўлиб ўтиши режалаштирилган қурултойда бухоролик “Эркчи”лар ташкилотнинг янги раҳбарини сайлашга овоз беришлари ва М.Солиҳ номзодини ўтказмасликка эришмоқлари лозим эди.
Талабини тўла-тўкис баён қилган вилоят ҳокими стол устига янги «ГАЗ-31» машинасининг калитини қўйди. Сўнгра, туман ҳокими Ш.Иброҳимовга им билан “чиқиб тур!” ишорасини қилди. Иккимиз холи қолгач папкасидан бир варақ қоғозни чиқариб, олдимга ташлади. Қоғозни ҳавсала билан ўқиб чиқдим. Унда, Вобкент туманига мени ҳоким этиб тайинлаш тўғрисидаги фармойиш ёзилган эди. Фармойиш ҳали имзоланмаган эди. Ёдгоров “топшириқ” бажарилган куннинг эртаси уни имзолашини айтди. Мен каловланиб ўтирмадим. Дарҳол, рад жавобини бериб, қатъий оҳангда қалбим буюргандай иш тутишим мумкинлигини билдирдим. У: “Жиннилик қилма, бажармасанг, кейин ўзингга ёмон бўлади”деди. Вилоят ҳокими мени сотиб олиш осон эмаслигини дарҳол тушунган эди. Савдолашмади. «Яхшилаб, ўйлаб кўрсам», ёмон бўлмаслигини қистирди. Мен унинг ҳузуридан чиқиб, тўғри уйга жўнадим.
Одамлар ғафлат уйқусидан уйғона бошлаган замонлар эди. Ўзбекистоннинг бошкенти бўлмиш, Тошкент – кўксимиздаги ёниб турган юракдек урарди.
Анжуман ҳис-ҳаяжонларга тўла бир ҳолатда бошланди. Қурултой раислигини аввалига Отаназар Орипов олиб борди. Номоз Нормўмин сўзга чиқиб, партия раисининг чет элдан туриб жўнатган ҳисоботини ўқиб эшиттирди. Залда ўтирганлар орасида шовқин кўтарилиб, партия раисига нисбатан норозилик кайфияти сезила бошлади.
Вазият ҳукумат истагига кўра йўналиш олган эди. Раислик қилувчи партия раисига ўта содиқ шахс бўлгани боис, йиғилишни бошқара олмай, довдирарди. Шу орада танаффус эълон қилинди. Танаффус пайтида Отаназар ака: «Насрулло, йиғилиш раислигини ўзингиз олиб бормасангиз бўлмайди. Мен ҳозир ҳамма нарсани расво қилиб қўйишим мумкин» деди.
Танаффусдан сўнгра қурултойга раислик қилиш менга ўтди. Вазиятдан яхши хабарим борлиги боис, зални бироз бўлсада тинчлантиришга эришдим. Ғалағовурни бостириб, ичимизга суқилиб кирган фитначиларнинг ўйинларини буздим. Ҳукумат режаси амалга ошмай қолди…
Қурултойнинг ўтганига 15 йилдан ошди. Шу вақт ичида қанча-қанча сувлар оқиб ўтмади. Кимлар ўша кунлар ҳақидаги хотиралар ёзишга ҳам улгурди.
Яқинда, қурултой ҳақидаги «Эрк» партиясининг Халқаро Энциклопедия (Wikipedia)га киритилган маълумотларга кўзим тушди. Саҳифада М.Солиҳ ва О.Ориповдан бошқа бирор бир “Эрк”чининг исми-шарифи йўқ эди. Ҳолбуки, вилоятларда «Эрк»нинг ўн минглаган фидойилари ва уларни ҳаракатга келтириб турган ўнлаган лидерлари бўлган. Улар ҳақда бафуржа маълумот ёйинламаслик, партиянинг ўша пайтдаги куч-қудратини бугун савол остида қолдиришини ўйлаб, жиндек маъюс тортдим. Балки, у замонда имконият чеклангандир. Менимча, «Эрк» ҳақидаги тўлиқ маълумотларни арихивлаштирадиган вақт етди. Бу келажак авлодларнинг асл воқейликни билишлари учун жуда муҳим…
Қурултой ўтган куннинг эртаси Бухорога қайтдим. Кўчамизга кирибоқ, уйим олдида турган мелиса машиналарига кўзим тушди. Мени соқчилар қуршовида Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, мелиса подполковниги Садриддин Зайниев ваҳима билан кутиб олди. Эртаси мен раҳбарлик қилаётган ПМКга ҳам 30 кишидан иборат катта тафтиш комиссияси ташланди. Ва тафтиш роппа-роса бир йил давом этди. Ташкилотимиз билан ўзаро хўжалик-иқтисодий алоқада бўлган барча корхоналар баҳонада бир-бир элакдан ўтказилди. Кейин, эшитдим; тафтишларга бевосита раҳбарлик қилган Володя исмли рус йигити, «отнинг ўлими қашқирларга байрам» деганларидек, баҳонада Бухоро шаҳридаги ҳайҳотдек данғиллама уйини битказиб олибди. Янги «иномарка»лик ҳам бўлганмиш…
Тафтиш жараёнлари каминанинг иштирокисиз олиб борилди. Сабаби, ўша 1993 йилнинг кузида мени депутатликдан «чақириб олишди» ва 1994 йилнинг 22 февралида, «уйида жанговор граната сақлаган» деб туҳмат билан қамашди…
…1994 йилнинг машъум қиши оиламиз учун кўнгилсиз келди. Умр йўлдошим ва беш фарзандим, оила боқувчисини йўқотгач ҳимоясиз қақшаб қолдилар. Бош фарзандим Жаҳонгир энди ўн бир ёшга қадам қўйган эди. Кенжам (“Эрк” партияси шарафига унинг отини Эркиёр қўйганман) бир ёшни тўлдирган чақалоқ эди. Қизларим – Мадина, Марина ва Шаҳризодалар ўн, саккиз ва олти ёшли жажжи қизалоқлар эдилар.
Ўша тунда уйимизга жуда ҳам кўп қуролланган мелиса ходимлари бостириб кирди. Улар, кечки соат ўндан тонгги соат иккига қадар бутун хоналарни тинтиб чиқдилар. Аввалида «Эрк» газетаси нашрларини топмоқчи бўлишди. Бутун уйни остин-устин қилган бўлсалар ҳам ўзларига керакли бирор нарсани топа олмагач, «миллий анъана»га айлантирилаётган усулни қўлладилар. Беш нафар жигарбандим ухлаб ётган қоронғи хонадан бир кимсанинг гўё илон чаққандай ваҳшиёна чинқиргани эшитилди. Болалар хонасига ярим кечада бировнинг қутурган итдек огоҳлантиришсиз кириши, ақл бовар қилмас бир олчоқлик эди. Нималар содир бўлаётганини англамаган хотиним қўрқувдан қаттиқ титраб, турган жойида ўтириб қолди. «Болаларимга бир нима бўлибдими?!» дея, менинг жоним келиб бўғзимга тиқилди…
Мурғак болалар ухлаб ётган хонада тинтув ўтказиш керак бўлса, мен ва турмуш ўртоғим иштирокида бўлади дея, хом ўйлаган эканман. Бўғизланган ҳайвон каби чинқирган кимса, вилоят ИИБ ходими Олим Жаъфаров, гўё жавондан – болаларнинг кийимлари ва ўйинчоқлари орасидан жанговор граната топиб олганди. Кутилмаган бу туҳмат ва пасткашлик қаршисида мен бироз довдираб қолдим. Аммо, қўлида граната ушлаб турган ўша йиртқичнинг жирканч кўзларига чексиз бир нафрат билан тикилдим. Бутун танамда қоним жумбушга келиб, ҳуқуқсизликдан ва ҳақсизликдан «дод» деб ҳайқиргиларим келди. Аммо, болаларимни қўрқувдан зор титратиб, менга туҳмат қилаётган ходимнинг кўзларида бугун И.Каримов айтаётган «юксак маънавият»ни эмас, унинг келажакда миллат бошига солажак чексиз ғурбатлар ва азоб-уқубатларни кўрган эдим. (Ўша воқеадан 10 йил ўтиб, мелиса майори Олим Жаъфаров бир тадбиркордан йирик миқдорда пора олаётиб, қўлга тушди ва 12 йилга қамалди).
Мени бошқарма ертўласидаги бир зах камерага жойладилар. Суриштирув ишлари вилоят ИИБси терговчиси Отамурод Қўлдошевга топширилди. Аммо бошқа кўпчилик маҳбусларга қўллангани сингари менга жисмоний қийноқлар қўлланмади. Балки, Олий Кенгашнинг собиқ депутати бўлганлигим бунга моне бўлгандир. Ёки мени сўроқлаб ортимдан сайловчиларимнинг узликсиз келаётганлиги иш бергандир…
Ҳар бир янги кун терговчининг мантиқсиз савол-жавоби билан бошланиб, мантиқсиз савол-жавоби билан ниҳоя топарди. У суриштирув бошида «топилган граната»нинг ўзимники эканлигини тан олдириш учун роса куйиб-пишди. Ширин ҳам аччиқ ҳам гапириб авраб ҳам кўрди. Болохонадор қилиб дўқ-пўписа ва дағдаға ҳам қилди. Уринишлари иш бермади. Барчаси туҳмат эканлигини, бу ишнинг «юқорининг буюртмаси» эканлигини ҳар иккимиз ҳам ўз исмимизни билгандай яхши билиб турардик. Айбсизлигим унга аён бўлсада, мен ҳам айбсизлигимни қайта ва қайта тўтидай такрорлашдан, ҳаммаси туҳмат эканлигини таъкидлашдан ҳечам чарчамас эдим. Зотан, бу ерлардан қутилиб чиқмагунимча менинг бошқа қиладиган ишим йўқ эди. Ҳатто, мени эмас, бу ишни уюштирганларни жавобгарликка тортишни терговчидан қатъий талаб қила бошладим.
Орадан бир ҳафта ўтди. Терговчининг гап-сўзларида ўзгаришлар сезила бошлади. Менга қўйилган сохта айбловни исботлаб бера олмаслигига унинг кўзи етганди, шекилли. Саросимага тушгани гаплари оҳангидан билиниб турарди. Тинтувнинг қонунга зид тарзда ўтказилганлиги, тинтув жараёнида қатнашганлар гранатанинг қаердан топилганлигини аниқ кўрсатиб бера олмаётганлиги терговчини бошиберк кўчага сиқиб қўйди. У қаршисида ўтирган маҳбуснинг эзгу ниятли бир кимса эканлигини, ўз вақтида минглаган сайловчиларнинг наказларини сидқидилдан бажарганлигини яхши биларди. Ўйлаб топилган айбловларни «буюртмачи»лар истаганидек унинг зиммасига юклаш осон иш эмасди.
Тергов жараёнлари давом этаётган бир пайтда, сайловчиларим мени озод этиш учун имзо тўплаб, ҳар томонга мурожаатномалар жўнатганларини эшитиб қолдим. Кейинроқ, 2500 киши имзолаган мурожаатнома президент маҳкамасига ва вилоят ҳокимлигига топширилганлиги ҳақидаги хабар терговчига ҳам етиб келди.
Савол-жавобларнинг кети узилмасди. Терговчи бу ишнинг масхарабозликдан бошқа нарса эмаслигини ичида билиб турарди. Икки тарафнинг қарашлари тўқнаш келганда у гоҳида мийиғида кулар, гоҳида ҳақиқатни айланиб ўтиш учун гапни бошқа томонга бурарди.
Аста-секинлик билан унга ҳақиқатни очиқ тан олдириш учун зимдан кураш бошладим. Виждон азоби қийнади, шекилли, у бир кун тўсатдан: «Ака, ариза ёзиб беринг, қийналиб кетдим. Мендан бу ишни олсинлар. Сизга бошқа бир терговчи тайинлаганлари маъқулроқ, кўринади!» деб қолди. Мен унга: «Нимага қийналасиз? Борини борича айтинг, қўйинг. Айби тасдиқланмади, барчаси туҳмат, денг, ариза ёзиб бермайман» дедим. У, қаттиқ асабийлашди. «Сиз билмайсиз, сиз тушунмайсиз буни оқибатини. Ишдан ҳайдалсам, майли эди. Умрим қамоқда чирийди. Ахир бунинг орқасида сиёсат бор, бунинг орқасида биринчи раҳбар турибди. Сиёсатга аралашиб нима қилардингиз?» дея, менга қичқира бошлади.
Орадан сал ўтиб, суҳбатимиз мавзуси ўзгарди. Унинг бу муаммодан қутилиш йўлларини излай бошлагани қиёфасида акс этар, у менга тўнкалган айбларни «қисман бўлсада» тан олишимни, ҳар қандай ҳолатда ҳам айбимни «тан олмасам» бу ерлардан ҳеч қачон чиқа олмаслигимни таъкидларди. У қандай йўл билан бўлса ҳам «жиноят иши»ни ёпишга бел боғлаган эди. Ҳукумат томонидан ишни адолатли якун топтириш учун имконият қолдирилмаганлиги унинг икки оёғини битта этикка тиқиб қўйганди. Аммо, унинг бошига «қилмишимга иқрор» бўлишимдан бир бошқа «тайинли фикр» келмас, мен эмас, Ўзбекистондаги тергов анъаналарига зид равишда у мендан тезроқ қутилишнинг пайига тушганди. Гўё у қутилиши учун мен ўзимни «жиноятчи» деб эълон қилишим керак эди. Мен эса ҳали у даражада ақлдан озмаган эдим.
Хуллас, вазият жуда мураккаблашиб, асаблар таранглашиб борарди. Унинг муаммонинг ечимини топа олмаётганини кўриб, қийноқлар қўллашидан қўрқардим.
Бир кун мен ўтирган камерага бир ўрис болани киритдилар. «Лёха» деб ўзини таништирган маҳбус кейин билсам «лохмач» экан. У аввалида мени дўқ-пўписа билан қўрқитиб, гап олишга уринди. Усуллари иш беравермагач, ўзини жинниликка солди. Ахири қандай бўлмасин юрагимга ғулғула солиш учун қон томирини кесди. У замонларда лохмачлар ҳали тергов изолятирларининг сўроқ-савол машинасига айланиб улгурмаган, қийноқлар энди шакллантирилаётган пайтлар эди. «Текин томоша» бир ҳафтага яқин давом этди. Ўтган вақт давомида терговчи бирор марта мени сўроққа чақирмади. Соат сайин асабларим чарчаб, борар, ўзимни тута олмай «Лёха»ни бир нима қилиб қўйишдан қўрқардим…
Яна сўроққа олиб чиқишди. Терговчининг чеҳраси бироз очиқ. У менга тикилиб турди-да: «Ака, чорасини топдим. Ҳар иккимизга ҳам зиёни тегмайдиган бир усул бор. Катта ўғлингиз неча ёшда?» деб сўраб қолди.
Эшитиб, беихтиёр бутун вужудим титраб, лаҳзалар ичида пешанамдан совуқ тер уриб чиқди. Борлиғимни минг хил бўлмағур хаёллар эгаллаб олди. «Нима эди» дея, берган саволим, қулоқларимга бегона бировнинг овозидай совуқ эшитилди. «Ўғлингиз 11 ёшда бўлса керак, уни қамаб бўлмайди. Битта ариза ёздириб оламиз, холос. Ўша нарса (граната)нинг нималигини билмасдан, кўчадан топиб, уйга мен олиб келгандим, деб ёзиб берса, иш пишди!» деди терговчи бамайлихотир.
Кўз олдим қоронғилашиб, турган еримда мурдадай қотиб қолдим… Шу ҳолатда қанча турдим, билмайман. Ўзимга келгач, терговчига сенсираб: “Иблиссан, ҳа, иблиссан!” дея олдим. Ичимда чексиз нафратга йўғрилган бир ғалаён турган бўлсаям, бошқа бир нима дейишга тилим айланмади…
У эса, сапчиб ўрнидан турди. «Айбланувчи, Сайидов» деди, ноҳақ камситилган кимса каби ғазаб билан. Тергов иши тугаганлигини маълум қиламан. «Дело» эртага прокурор назоратига ўтади. Сизни айбдор деб топдим. Айбингиз йўқ бўлса, судда айбсизлигингизни исботлаб беринг. Соқчи, маҳбусни олиб чиқинг!»
Эшик олдида бизни кузатиб турган соқчи, мени тергов хонасидан олиб чиқди…
Бу суҳбат сўнги нафасимгача ҳам эсимдан чиқмаса керак.
Ўша машъум ҳолат – терговчининг номуссизлигини ошкора қилиб турган ёқимсиз башараси ҳали-ҳамон кўзларим олдида. Унинг жирканч сўзлари ўн тўрт йил ўтиб ҳам қулоқларим остида жаранглаб туради.
Амал деб, давлат бошлиғига яхши кўринаман деб, ҳар қандай ёвузлик ва жирканчликка тайёр кишилар борлигидан жуда хафа бўлиб кетаман. Мустабиднинг «юксак маънавият – енгилмас куч» китоби ҳақида эшитганимдан сўнгра, қўлимга қалам олиб, илк қоғозга туширган хотираларим, мана шулар…
Терговчи айни кунларда адвокатлик қилаётган экан. Нима, дейман, Ўзи инсоф берсин! Қонунларга таяниб ишлаш ва тўғри йўлга кириш учун етарли тажрибаси бор. Ўтган ишлардан тўғри хулоса чиқариб, инсонларнинг оғирини енгил қилаётган бўлса, мен этагимдаги тошларни тўкканим бўлсин! Йўқ, ҳали ҳам эски қинғир-қийшиқ йўллардан юриб, бола-чақа боқаётган бўлса, жазосини албатта топади.

Қийноқнинг ўзгача тури

Сиз эшитган қийноқларга ўхшамайдиган қийноқ хусусида ёзмоқчиман. Яъни, руҳий қийноқ хусусида. Унинг кўзга кўринмайдиган пўлот омбурлари исканжага солинган руҳнинг йўқ тишларини тиш доктори каби суғуриб ташлаши мумкинлиги ҳақида. Шунда, азоб-уқубатдан жон таслим қилолмай тиришаётган жисмингизда охирзамон туради…
Ҳа, оёқни осмондан қилиб товон остига дубинка билан уриш шарт эмас. Бошга противогаз ёки полиэтилен халта кийгизиб, нафасни сиқиб қўйишга ҳожат ҳам қолмайди. Совуқ ва зах изоляторда бошга қоп кийгизиб, полиэтилен ўралган арматура билан савалаш дегани, руҳий қийноқ олдида ҳеч нима! Руҳий қийноқнинг тури кўп. Мана шулардан биттаси тутқунлик, ҳақсизлик ва қонунсизлик деб аталмиш мустабид тузум томонидан мусиқа ва қўшиқ воситасида жон азоб тегирмонига солиниб, бутун борлиқ давомли равишда латиф оҳангларда қитиқланиб эзилади. Бу, тутқунликда бошдан сув томчилатиб, майин ва инжа деб кўрилган нарса билан гурзининг залворини пайдо қиладиган жисмоний қийноққа ўхшаб кетади. Унинг таърифини келтириш жуда қийин бўлгани каби, оғриғини баён этиш жуда ҳам машаққат. Бунинг не азоб эканлигини ичкарида ҳам ташқарида ҳам ор-номуси жойида, зеҳнияти оқ-қоранинг фарқига борадиган кимса ҳис қилади. Фаросатсиз кимса шунақамиш дея диконглаб юраверади, боққа кирган экинчи эчкидай.
Бу машҳум қийноқнинг икки тури бор. Бир – билвосита, бириси эса бевосита. Мен бу қийноқнинг бевосида турига нишон бўлдим. Яъни, бу қийноққа мени вазият маҳкум этди.
Ҳа, қувноқ ҳаётимиздаги ҳиссиётларимизни жунбушга келтирадиган мусиқа ва қўшиқ қамоқхоналарда акс таъсир учун қўлланиладиган бўлса, қалбларни шодликларга буркаш учун ижод қилинган оҳанглар чиндан ҳам даҳшатли ваҳшийликларга қодир. Эркин ҳаётда ҳам реал воқейлик билан инсонларнинг турмуш тарзи мутаносиб келмаса, ташқарининг ичкаридаги муҳитдан фарқланадиган жойи қолмайди. Ҳаёт бошқа, қўшиқ бошқа бўлиб қолаверади. Инсонлар ўзлари яшаб турган заминда эмас, хаёлларидаги саробликларда умри гузаронлик қилиб ўтиб кетаверадилар. Сўнгида, барчаси мудҳиш бир тушга айланади…
Терговчи ишни прокурор назоратига ўтказганидан сўнгра, мен ИИБ ертўласидан машҳур ва машъум «Отбозор» қамоқхонасига кўчирилдим.
«Отбозор» халқ тилида «турма» деб аталса ҳам, аслида тергов изолятори.
Турманинг кетма-кет кечиб ўтиладиган темир пажараларидан бирин-кетин ўтиб, даҳлиз бўйлаб узоқ юргач навбатдаги камера эшиги олдида тўхтадик. Соқчи темир эшикка шарақлатиб, калит тиқиб, тортганида, мойсираган эшик қийқиллаб, қаттиқ чиранди. Руҳимни тирқиратган сасдан беихтиёр тишларим, ғижирлаб, вужудимда ёқимсиз бир оғриқ пайдо бўлди. Соқчининг: «Жиноятчи, ортиқ бу ер сизнинг уйингиз» дегани дардимни борҳо ўрлатди. «Мен жиноятчи эмасман» дедим. «Бу ерда ҳамма жиноятчи» деди, қўлида бир даста калтини шарақлатиб, эшикнинг нариги томонидан соқчи. У эшикни қулфлаб, узун даҳлиздан ортига қайтиб кетганида оёқ товушлари анчагача қулоқларимга чалиниб турди.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари остонасидан оёқ босиб, ичкарига кирилдими, тамом, ким бўлса бўлсин, у жиноятчи ҳисобланади. Маҳкаманинг эрта бир кун қандай қарор чиқариши ҳеч кимни қизиқтирмайди. Муносабат ҳам шунга яраша бўлади. Камерадаги ҳар қандай буюмнинг ўзига яраша қиймати бор, маҳбуснинг эса инсон сифатида қадр-қиммати шу ерда батамом тугайди. Қоғозга битилган қонунлар эмас, энди ичкарида ҳукуматдагиларнинг шахсий қарашларидан шаклланган қонун-қоидалар ҳукумронлик қила бошлайди. Соқчидан тортиб, қамоқхона бошлиғигача барча ўзидан юқоридаги шахснинг имо-ишораси билан хизмат бурчини ўтайди…
Товуқнинг кетидек келадиган камерада ҳеч ким йўқ. Иккита темир каравот жойлаштирилган холос. Устига-устак зорманда жуда қоронғи, салқин ва юракни сиқадиган даражада сокин. Темир каравотнинг бирига чўзилдим. Шу пайт, қулоқларимга баланд овозда янграётган қўшиқ қуйилаётганини сездим.
«Керак бўлса ҳақиқат учун, минг бор ўлиб, минг бора тирил»…
Қақшаган асабимни қўшиқ элитдими, қаттиқ чарчаган эканманми, ухлаб қолибман. Қанча вақт ўтди, билмайман, бир пайт уйғониб кетдим. Ҳали ҳам камерада ёлғиз ўзим эдим. Аммо қўшиқ ҳали ҳам давом этаётган эди. Бирининг орқасидан бошқаси янграрди. «Жиловланиб товусдек, юришларинг ёқади»дан кейин, «Юз йилда бир туғилармиш эл дардини айтолган» бошланди. Ва сўнгра унинг изидан, «Кимларгадир керак бизнинг ёлғизгина бошимиз» уланиб кетди. Хуллас, қўшиқ ва ҳар ярим соатда беш дақиқа ахборот эштириши қулоқларим остида янграрди. Тинглаб, бироз қалбим ором топгандай бўлди. «Маза» деб, ўйладим. Қўшиқ тунги соат иккигача давом этди. Кейин фаҳмласам, қўшиқлар «Машъал»дан таралаётган экан.
Янги кун бошланди. Тонгги соат бешда бошланган «Серқуёш» бемаврид қичқирган хўроз сингари ғашимга тегди. Радио овозини бирпас ўчириш ёки пасайтиришни сўрамоқчи бўлдим, аммо кимга мурожаат қилишни билмадим. Радиокарнай турманинг нақд марказидаги бино томига ўрнатилган эди. У аввалида жонимга ёғдай ёққан бўлса, тинмасдан давомли янграйвергач юрагимни сиқиб, руҳимни яралай бошлади. «Заҳарни меъёрида қабул қилса шифо, болни меъёридан оширса, заҳарга айланади» деган ҳикмат хаёлимни чулғаб олди. Унча-бунчанинг фарқига бормайдиган замонларда севиб тинглайдиган каналимиз «Машъал» бу ерда шунақа жонимиздан безор қиляпди, демак, бошқа каналларни тингласак, ҳолимизга вой эканда деган қарорга келдим.
Прокурор хулосасини кутишга мажбур эдим. Агар у ҳам мени «айбдор» деб топса, судгача шу ерда қолиб кетишим тайин. Қордек оппоқ бўлганимда ҳам, прокурорнинг мени «қоп-қора» дейишини ҳам яхши билардим.
Ташқаридан ҳеч қандай ахборот олиш имкони йўқ. Ҳатто бола-чақанг – оиланг ҳақида ҳам ҳеч нима билолмайсан. Руҳий босимни кучайтириш учун бутун дунёдан узулганингни билиб турган бўлсанг ҳам, умид билан темир эшикнинг назорасига тикилиб ётаверасан. Бу Ўзбекистон қамоқхоналаридаги оддий ҳолат. Тутқиннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳеч ким назар писанд қилмайди.
Умид билан назорага тикилавериб ҳам ахири безоринг чиқади. Фикрларингга эрк бериб, ҳар хил тахминлар қиласан ва хоҳламаганинг ҳолда, охирида қўрқинчли хаёллар денгизига шўнғиганингни сезмай қоласан. Миянгга бўмағур нарсалар келади. Юрагинг сиқилгандан ҳар сафар ўрнингдан туриб кетасан. Ичинг ғашга тўлиб, қон босиминг ошади. Кўксингдаги оғриқни панжанг билан қоғоздек ғижимлаб, сўнгра силаб-сийпаб кафтингни юрагингга босасан! Атайлаб, устингдан кулаётгандай, «Машъал»нинг «ялла»лари бир он тинмайди. Қўшиқ меъдангга тегиб кетганидан, “дод” дегиларинг келиб, жонинг бўғзингга келиб тиқилади кўнглинг айнайди. Бири-биридан шўх ва баъзида маҳзун қўшиқлар ҳар хил ижрочилар томонидан тиним билмай куйланаверади. Улар бора-бора, менга совуқ темирга урилаётган болғача ҳам таъсир қилмайди. Ўзимни азада – тобут устида ўтириб, тўйни томоша қилаётган одамдек совуқ ҳис қилишга кўникиб боравераман…
Камерага ҳафта ўтиб, бир маҳбусни ташладилар. Жуда ҳорғин, ориқ кўринган бу одам чамаси қирқ ёшларда эди. У ўзини жуда камгап ва хокисор тутарди. Бошқа томондан мен билан боғлиқ вазиятни ўрганаётганга ўхшарди. Умуман у овқат емас, қўрқинчли тарзда чуқур-чуқур йўталарди. Ҳар тунда эшик туйнуги кутмаганда, «ширқ» этиб очилиб, кимдир ичкарига салафан қоғозга ўралган бир нимани ташлар, жараён чақмоқ сингари тез рўй бергани учун у кимсанинг кўланкасини ҳам илғаб бўлмасди. Маҳбус салафанни олиб, очиб, ичидаги нарсани шоша-пиша оғзига соларди ва дарҳол орқасидан бир кружка сув ичарди. Бу у учун ҳам нонушта, ҳам тушлик, ҳам кечқурунги овқат ўрнини босарди. Кейин билсам, у капалаётган зорманда кўкнорнинг эзилгани экан. Яна, унга нималарни аралаштирган бўлишлари мумкин, у ёғини худо билади.
Илк танишган кунимиз у менинг кимлигимни роса суриштирди. Олий Кенгашга депутат бўлганимни, Каримовнинг «демократияси»га ишониб, мухолифат сафларига кирганлигимни, шу чоғгача эл-юрт ташвиши билан яшаганимни, охирида уйимга граната ташлаб қамаб қўйишганини айтдим. Аммо у олдинига бу гапларга ишонмади. Прокурордан «айблов хулосаси» келгач, ўз кўзлари билан ўқиб кўриб кейин ишонди. Наинки, ишонди, ҳатто таажжубга тушди. «Наҳот, орамизда шундай одамлар бор» деб, ҳайратини яшириб ўтирмади. Ўзича, менга: «Политический» деб ном ҳам қўйди. Кейин у ўзи тўғрисида гап бошлади.
Миллатини эрони деб таништирган йигит айтишича самарқандлик экан. У ёшлигидан ўғрилик ва талончилик билан шуғулланган. Отаси ароқхўрликка ва онаси фаҳш ишларга муккасидан кетган кимсалар бўлган. У бузуқ муҳитда тарбия топгани боис жуда ёшлигида қамоққа тушади. Чиқиб, ўғрилик қилган ва яна қамалган. Сўнги бор онаси билан опасини фаҳш устида ушлаган ва уларни чавақлаб, ўлдирган. (Ҳарқалай, бу унинг сўзлари). Шу сабаб у ўзини модаркуш ҳисоблар, қилган қилмишидан пушаймон эди. Бошига келган кўргуликлар учун гоҳ ўзини айбласа, гоҳида барчасига сабабчи дея жамиятни сўкиб, хуморидан чиқарди. Қилган жинояти учун биринчи суд инстанцияси уни ўлимга ҳукм қилганди. У тирик қолиш илинжида ўн икки йилдан буён курашиб келаётганини жонли ва таъсирчан қилиб сўзларди.
Унинг ҳикоялари таъсирида, бироз бўлсада «Машъал»да янграётган» куй-қўшиқларни унутиб, миям сал тиниққандай бўлди…
Кунларнинг бирида вилоят прокуратурасидан вакил келиб, маҳбуслар билан суҳбат ўтказди. У, бизнинг камерага ҳам «ташриф» буюрди. Охирида: «Турма маъмуриятидан қандай талабларингиз бор» дея сўради. «Радиони ўчириб қўйишнинг иложи борми» дедим. Вакил, эшитиб, роса кулди. Бунақа талабни илгари ҳеч қачон эшитмаганини айтиб, ҳайратланди. «Фақат шуми?» дея, у сўнгра шеригимга юзланди. Шеригим, асло ундай қилмасликни зорланиб илтимос қилди.
«Ўзбекистон демократик давлат, бошқа камерадагилардан сўраб, шунга кўра бу ишни ҳал қиламиз» деди вакил.
Вакил камерадан чиқиши билан шеригим бақира кетди: «Нима деганингизни биласизми, ўзи? Бунақа шароитда ётишни орзу қилишади. Владимиридаям, Воркутасидаям, Тоштурмасидаям бўлдим, бунақасини ҳеч қаерда кўрмадим. Ўн икки йилдан буён бир нима «тиқ» этса, юрагим «дук» этади, ҳар қанақа овоз Азроилни эслатади. Соқчининг оёқ сасларини эшитсам, бутун вужудим, қақшаб, қалтирайман. Вақти соати етди, деган фикру ўй хаёлимни чулғаб, ҳар сафар қўрқувдан жоним чиқиб кетади. Ўн икки йилдан буён ҳар кун бир неча марта шу ҳолат такрорланади. Бу ерда мусиқа бор, соқчининг юриши, калитларнинг «шиқир-шиқири» ҳа деганда эшитилмайди. Бу бахтдан мени маҳрум қилмоқчимисиз…»
Эшитиб, жуда таъсирланиб кетдим, ўтган йиллар унга қанчалик қийин бўлганлигини англадим.
Ўлим ҳукми чиқарилгандан сўнгра тирик қолиш учун у ўзини жинниликка сола бошлаган. Ҳуқуқларини ҳимоя қилганлар унинг жиннилигини рўкач қилиб, ҳар тарафга шикоят аризалари ёзишга тушганлар. Ва шу йўллар билан унинг қатл этиш ижросини кечиктириб келганлар. Менимча, у ҳақиқий жинни образини ярата олган. Шунинг учун ҳам Владимир шаҳридаги жиннихонада уч йил даволанган. «Жинни»лиги тасдиғини топгач ўлим жазосидан қутилиб, ҳукм узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштирилган. Тирик қолиш учун у ўта машаққатли синовлардан муваффақиятли кечган. Айтганлари бир афсона бўлса керак деб ҳам ўйлайди киши. Аммо, қўлидаги ҳужжатлар ва суд ҳукмларидан кўчирмалар унинг сўзларининг ҳақиқатлигини тасдиқлайди.
Бир кун кутилмаганда, уни камерадан олиб чиқдилар. Уч-тўрт соатдан сўнгра қайтариб олиб келдилар. У «миқ» этмади. Ўзини тўшакка ташлади. Ўша тунда алламаҳалга довур иккаламиз ҳам оғзимизга талқон солиб ётдик.
Томдаги радиодан «жўшқин» қўшиқлар янграрди:
«Бу дунёдан вафо кутма, болагинам»… ва алламбалолар…
Тун яримидан оққанда, у: «Насрулло, мабодо суҳбатга олиб чиқсалар, шеригим, мени сўроққа тутиб безор қилиб ташлади. «Ўлдираман» деб, дағдаға қилаяпти, денг. Тушиндингизми?» деди. Унинг сўзларидан хавотирга тушдим. Унга савол назари билан юзлангандим, у индамади. Шунда, истамаганим ҳолда юрагимга ғулғула кирди. Тергов изоляторига биринчи марта тушганларни қамалиб чиққанлардан алоҳида сақлашлари хақда эшитгандим. Нега ашаддий жиноятчи билан мени битта камерага тиқишдийкин, деган хаёл оромимни ўғирлади. Аммо унда менинг фаолиятимга ҳурмат уйғонганини ўйлаб, бироз таскин топгандай бўлдим.
Тонгда, донг қотиб ухлаб қолибман. Даҳлиздаги овозлардан уйғониб кетдим. Шеригимнинг тўшагида ҳеч ким йўқ эди. Нонуштага овқат олиб келган бўтқабоқардан уни сўрадим. У: «Ўзини осибди, ўлди» деди, темир эшикнинг туйнугидан ичкарига боқиб.
Бу сўзларнинг чинми ёки ҳазиллигини англаш қийин эди. Тирик қолиш учун йиллар бўйи қаттиқ тиришган бир одамнинг ўзини ўзи ўлдиришига ишонгим келмасди. Бу сирли воқеа мен учун ҳанузгача мавҳумлигича қолмоқда…
Йиллар кечди. Ҳаётда яхши-ёмон кўп нарсаларга гувоҳ бўлдим.
Ўзбекистондаги вазият менга кўпроқ «Отбозор»даги шарт-шароитни эслатади. Гуноҳсиз ҳам гуноҳи борлар ҳам, ҳамма юрак ҳовучлаб, қўрқиб яшайди. Ҳукуматнинг «қора рўйхати»га тушганларнинг эса ҳолига вой. Улар учун бу ёруғ дунёнинг қоп-қора зиндондан фарқи йўқ. Уларни ҳар қадамда очиқдан-очиқ кузатадилар. Кимдир товони қавариб, оёғини қийшиқ босса ёки йўлдаги тошга туртиниб, депсиниб кетса ҳам уни шу заҳоти участка нозири олдига чақиради. Участка нозири чақирди, дегани, МХХга сен ҳаққингдаги маълумот етиб борди, дегани.
Мен ҳам сабабсиз тақиблар ва асоссиз айбловлардан чарчагандан-чарчадим. Ҳатто, ҳожатхонага кирганимда ҳам менга кўринмас кўзлар ҳар тарафдан ўқрайиб, қараб тургандай туюлади. Тинимсиз тақиблар ва асоссиз сиқувлар туфайли одам ҳиссис ва совуқ деворлардан ҳам ҳадиксирайдиган бўлиб қолар экан…
Ҳа, кўпчилик қўрқувда яшашини айтади. Эрони йигит айтганидек, одамлар «тиқ» этган овоздан чўчийдиган бўлганлар. Кўчада учаска нозири пайдо бўлса, ҳамманинг пайтавасига қурт тушади. Фуқаро кийимидаги нотаниш кимса қишлоқ ораласа, «миллий хавфсизликдан» дея ҳаммани саросима босади. Ўзбекистонда қўрқувдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Иш йўқ, пул йўқ, шу учун одамлар ўзларини чалғитиш учун мусиқага ружу қўядилар. Тўрт кимсанинг боши бир жойда бирикса, мусиқа, одамлар автобус ёки таксига чиқса, мусиқа, бозорда мусиқа, емакхоналарда, радио-телевидение, йиғилишларда мусиқа… Икки бош бириккан жойда мусиқа ва қўшиқ баланд овозда қўйилади. Токим, ҳаётдан нолишга имкон қолмасин, кимдир сиёсатдан гапириб қўйиб, «калла»нинг бири бориб СНБга чақиб бермасин.
Куй-қўшиқ маънавий завқ олиш учун эмас, одамларни жиддий мавзулардан чалғитиш учун қўлланиладиган бўлиб қолган. Таксига ўтирсанг, иштони қирқ ямоқ, оёқяланг йўловчининг ҳайдовчига: «Ака, музикани баланд, қўйинг, шўхидан бўлсин!» дейишини эшитиб, кулишингни ҳам йиғлашингни ҳам билмайсан. Телевизорни қулоғини бурасанг, йигирма тўрт соат даранг-дурунг. Маъно-мазмуни бир чақага қиммат қўшиқлар болалаб кетган. Гўё, «осмон мусаффо», «тинчлигимизга кўз тегмасин» «ер юзида уруш», «бизда ҳар ерда тўй-томоша», «тўкин дастурхон – мева-чева ва хил-хил ичимликлар!»…
Халқ эркини ва ҳақ-ҳуқуқини йўқотиб, қўшиқчилик шоу-бизнеси Ўзбекистондаги энг сердаромад соҳага айланди. Куй-қўшиқлар саёзлашган сайин, китоб ўқишга, илм ва ҳунарга халқда ҳавас камайиб боряпди. Иш йўқ, келажакка умид йўқ… Аммо, «Буюк келажак!» ҳақдаги баландпарвоз гап-сўзлар ва маза-матрасиз қўшиқлар кеча-кундуз қулоғинг остида янграб туради. Албатта, бу ҳолат манқурдларга чивин чаққанча ҳам таъсир этмаса-этмас, ўзлигини таниган ва миллатнинг тараққиёти учун кураш майдонига отилган кимса учун азоб ва хўрликдан бошқа нарса эмас!
Балки, ноҳакдирман! Мендаги маънавият И.Каримов айтганчалик «юксак» эмасдир. Аммо, шуни яхши биламан, мендаги ҳис-туйғулар ва Ватанга муҳаббат – ёлғон ва сохта ҳаёт билан ҳеч қачон бир ўзанда яшай олмайди!
Эрони йигит «йуқолган» куннинг эртаси мени умумий камерага кўчирдилар. У ерда кўрганларим, юрагимдаги қолган-қутган умидларимни ҳам чилпарчин қилди…

Бу тупроқ ҳеч қачон соҳибсиз қолмаган

«Айблов хулосаси» қўлимга текди. Суд жараёни қачон бошланади, номаълум. Яна, ўша гап. Прокурор деб аталмиш Қорбобонинг «қор хати»да, Вобкент шаҳар Фитрат кўчасидаги уйимда бир дона жанговор гранатани жигарбандларимнинг кийим-бошларига ўраб, жавонга яшириб қўйганим ҳақида ёзилибди. Тизим мени манқуртлаштиришга бел боғлаган кўринади. Яхшиям, сочимни қиртишлаб, олиб, бошимга туя терисини қоплаш уларнинг хаёлига келмайди. Юқоридан кимдир сал имо қилганда, пастдагилар албатта шундай қилишарди. Ва, менинг улардан фарқим қолмасди.
Туйнукдан айбномани олган соқчи даҳлизда унга кўз югуртираркан: «Уч йилдан етти йилгача қамоқ жазоси!» деди. Соқчидан кўра қонунлар ва қонунларнинг қандай ишлашини ич-ичимдан юз баравар кўпроқ билиб турган бўлсам ҳам, негадир унинг сўзлари юрагимга ўқдек тегди.
Кўзларим олдига бешта ҳимоясиз ўғил-қизим ва аёлим келди. Беихтиёр: «Муштипаргина, мунисгина гўзал рафиқам. Энди, менинг орқамдан чопа-чоп қиладими, бешта тирик етимга куядими?» дея лабларим пичирлаганини сезмай қолдим. Соқчи туйнукдан эгилиб, боқиб: «Бир нима дедингизми?» дея сўради. «Ё эшак ё подшо ўлади, деган экан Насриддин афанди. Бир гап бўлар, деяпман!» дедим. «Эшак без ва чидамли жонивор. Йигирма беш йилдан кўп яшайди. Ҳаливери, ўлмаса керак» деди у. Соқчи айтган сўзларининг маъносини англаб гапирдими, англамай гапирдими, бир нима деёлмайман. Аммо, зўр гапни айтди.
Қамалишим аниқ бўлгани сайин елкамдаги оила ғами тобора оғирлашиб борарди. «Нима қилсам экан?» деган ўй ичимни қуртдек кемирар, изтироблар кеча-кундуз ором бермай қўйганди. Устимдан кулгандай, «Машъал»дан тинмай «Келажаги буюк» ватан ҳақидаги енгил-елпи қўшиқлар таралар, баъзида мумтоз тароналар ижро этилганда ярамга малҳам сурилгандай, тўйиб-тўйиб нафас олиб, бир замон бўлса ҳам қайғу аламлардан фориғ бўлишга тиришардим.
Умумий камера анча кенг-мўл. Ўн иккита маҳбус саккизта темир каровотда навбат билан ухлайди. Бурчакда, шолпарда билан тўсилган ҳожатхона бор. Тепасига: «Ҳожат чиқарганда қаттиқ товуш чиқарилмасин!» деб, ёзиб қўйишибди. Овқатланиш учун икки ўртага тахта стол ўрнатилган. Камерадаги бутун бисот мана шулардан иборат.
Янги хонадошлар билан танишиш осон кечмади. Уларнинг кўпчилиги биринчи марта қамалган ёш ва тажрибасиз йигитлар. «Тажрибалироқ» бири эшик олдидаги каравотни ёлғиз ўзи эгаллаб олганди. Илк у билан танишишга тўғри келди. У тинимсиз ўзининг бошқалардан устун эканлигини намойиш қилишга интилади. Тўрт девор ичида бўлса ҳам қовоқларини осиб олиб юзига жиддий тус бериб, хаёлида гўё кўкларда учиб юради. Камера ичидаги вазиятни тўғри чамалай олган бўлсам, у атрофидагиларни ҳам идора этаяпди.
Ҳибсхонада Учқудуқ қамоқхонасида орттирган тажрибам оз-кўп қўл келди.
1980-йил Самарқанд Архитектура ва қурилиш институти, «Саноат ва гражданлик қурилиши» факультетини тамомлаганман. Олийгоҳдан йўлланма билан Учқудуқдаги бир зонага уста (мастер) ўлароқ ишга жўнатилдим. Қамоқхона ҳудудидаги катта қурилишда маҳбуслар билан икки йил бирга ишлашга тўғри келди. Бу мен учун қамоқхона ҳаётини ўрганиш йиллари бўлди. Маҳкумларнинг феъл-атвори ва тутқунликдаги турмуш тарзлари шу учун у қадар янгилик эмасди. У ерда ноҳақ қамалганлар ҳам анчагина эди. Фуқароларимиздаги ҳуқуқий билим савияси пастлиги ва судларнинг адолатсиз ва носоғлом ишлаш тизимини ҳам илк ўша ерда пайқаганман. Бу каби нуқсонлар Мустақиллик йилларида янаям газак олиб, бутун мамлакат ибтидоийлашишга юз бурди. Давлат бошлиғининг кўнглига қараб иш тутишга мослаштирилаётган жараёнларда қонунлар эмас, пора пирамидаси ҳукмронликни қўлга ола бошлади. Таниш-билишчиликка янгидан таъмал тошлари терилаётган даврлар келди…
«Тажрибалироқ» Жондордан эди. Ўғирлик билан қўлга тушганди. Иқрорига кўра, у Темир йўл станциясида тўхтаб ўтадиган ёқилғи ортилган систерналардан ҳамтовоқлари билан доимий равишда йирик миқдорда бензин ўмариб, сотиб юрган. Шериклари асосан, мелисада ишлайдиган соқчилар ва темир йўл бекати маъмурлари бўлган. У қамалгач шериклари ўзларини четга олганлар. У эртадан кечгача шерикларидан нолир, улар очиқда қолиб, ёлғиз ўзи қамалаётганидан аламзада эди. Тинмай, жиноятчилик борасида тажрибасизлик қилиб қўйганидан афсус чекарди.
Тутқундагиларнинг жиноятлари турлича бўлгани каби, уларнинг дард-аламлари ҳам бир-бирлариникига ўхшамайди. Бухоро Давлат университетида ўқиётган шаҳрисабзлик йигит маъшуқаси ва унинг онасини ўлдирган. Айтишича, у бир тун микрорайонда турадиган маъшуқасиникига меҳмон бўлиб борган. Зиёфат қуюқ бўлиб, кайфи ошган талаба ўзини идора этолмасдан истамаган ҳолда қайнонасининг жонига қасд қилади. Қўли қонга ботганини англагач эса, ваҳимадан жинни бўлаёзган. Қотилликнинг изини йўқотиш мақсадида, маъшуқасини ҳам ўлдириб, уйга ўт қўйгач жуфтакни ростлаган. Аммо у узоққа кетолмаган, қўлга олинган.
Маҳбусларнинг яна бириси эшак ўғриси…
Бириси эса, қизиққонлик қилиб қўшнисини болта билан чопган. Айтишича, у бу жиноятга ипини узиб, томорқасига кирган новвосни дея, арзимаган сабаб билан қўл урган. Қизилтепалик йигит эса, хотинини тоби қочганда қўшнисининг дарвозахонасида турган мотосиклни сўрамасдан олиб, хотинини шифохонага шошилинч етказган. Барчасини мажбурликдан амалга оширган. Ҳеч нимадан хабарсиз қўшни, «мотосиклимдан айрилдим» деб, «02»га қўнғироқ қилган, ва асл ҳақиқатни англагач даъвосидан воз кечган. Аммо прокурор “бу ерда жиноят аломати бор” дея, даъвогарнинг иқрорини тан олмаган.
Ўтирганлар орасида қирқ ёшлардаги бир афғон йигит ҳам бор. У Ўзбекистонга олти ойлик кириш визаси билан келган. Бухоролик бир аёл билан танишиб, уйланган ва шу ерда бир муддат қолишга мажбур бўлган. Уни ушлашган ва «визани вақти ўтган» деган сабаб билан қамашган.
У судда иши кўрилишини олти ойдан буён кутяпди. Ўзбекистондаги суд тизимининг шафқатсизлигидан у қаттиқ ҳайиқиб қолган. Маҳбусларга берилаётган жазо турларининг адолатсиз ва порага боғлангани бунга сабаб бўлган кўринади. У қарийиб, ярим асрдан буён уруш кетаётган Афғонистондаги ҳолатни Ўзбекистон билан солиштирганда, суд тизимининг Афғонистонда мўътадил ишлашини айтади.
У ҳазил-ҳузулга унча мойил бир кимса бўлмаса ҳам, гапирганда ўзбекчаси жуда ғалати чиқади.
Маҳбуслардан бири бошига тушган кўргулик ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилди:
…Шаҳар чеккасидаги бир хушманзара ердан беш йил бурун ер участкаси сотиб олгандим. Эр-хотин иккаламиз иморатни зўрға тикладик. Мен сувоқ қилсам, этагини липпасига қистирган хотиним лозимининг почасини шимариб, хандақда лой қорди. Лозим бўлганда мен билан баробар елкасида ёғоч кўтарди, лўмбоз босганда томдан туриб челак-челак лой тортди. Яхши кунларга етдик, энди роҳатини кўрамиз деганда, ён томонимизда илгарироқ ер сотиб олиб қўйган вилоят прокуратурасида ишлайдиган қўшни қурулиш бошлади. Уч кунда бутун материалларини келтириб, тиқиб, уч ойда данғиллама иморатини кам-кўстсиз битириб олди. Туманимиздаги кўп ташкилотларга ҳамманинг кўзи олдида солиқ солиб, уйини пора ва зўровонлик орқасидан тиклади. Кўчиб келганига кўп ўтмади, бир кун, ҳе йўқ-бе йўқ кўзимга бақрайиб туриб: «Турган жойингни менга сот, ҳовлимни кенгайтирмоқчиман. Уйингнинг пулини ортиғи билан бераман, сен бошқа жойдан уй сотиб оласан!» деди. Хотиним билан маслаҳатлашиб, уйимизни сотмайдиган бўлдик. Прокурор олдинига дўқ-пўписа қиди. Номери ўтмагач, очиқчасига душманликка ўтди. Ит уруштиришга ишқивозлиги учун у ҳовлисида ҳар хил зотдор итларни боқтирарди. Бир кун унинг кучукваччаси ҳовлимизга кириб келди. Неча бора қувиб ҳайдасам ҳам кетмади. Охири, юрса-юрар деб, индамай қўйдим. Бир неча кун ўтиб, уйга иккита мелиса кириб келяпди. «Тинчликми, десам, тинчлик, сизни олиб кетишга келдик» дейишди. Борсам, мелисахонада қўшни прокурор ўтирибди. Итимни ўғирлади, дея устимдан ариза ёзган, ноинсоф. Аризага «1500 доллар» дея итининг нархини ҳам тиркаб қўйибди… Ҳикоя шу жойга етганда, афғонистонлик: «Қанча?» деди, ҳайрати бошидан ошиб. Эшитиб, бошқалар ҳам ҳайрон эди. «…Судда прокурор етти йил сўради. Судяда инсофи бор экан, уч йил берди», дея ҳикоясини давом эттирди, жабрдийда йигит кўзларига ёш олиб. Эшитиб, афғонистонлик сакраб ўрнидан туриб кетди: «Хе, ўшо… судингни ҳам бибисини, сенго тухмот қилгонни ҳам, деди. Агар Афғонистонда шундой қилса, қози уни чоқиртириб юз дарра урдироди. Бизда ҳарқолой адолот бор эканда. Дин бор, инсоф бор, ҳар нарсаго қамоб юбормайди…»
Ит баҳона жиноятчига айлантирилган йигитга жуда раҳмим келди. Қўлидаги ҳужжатларни олиб, тунда ўтириб, шикоят аризаси ёздим.
Бир муддат ўтиб, шикоят аризаси кўрилиб, қамоқ жазоси «шартли жазога» алмаштирилди. У қамоқдан озод бўлди. Камерадагилар, эшитиб, хурсанд бўлдик. Шу воқеа сабаб, ҳамма шикоят ёзишга тушиб кетди. Менга иш кўпайиб қолди…
Маҳбуслар орасида, сберкасса қаровулини ўлдириб, кассани тунаган каззоб қотил дейсизми, ота-онаси ичкиликка ружу қўйиши оқибатида, очликдан силласи қуриган сингилчасига дўкондан бир сиқим макарон ўғирлайман, дея қўлга тушган ўн саккиз яшар рус йигитчаси, дейсизми, турли-туманини топса бўлади.
Афғонистонликнинг шу ўрис болага жуда раҳми келарди.
«Шунго ҳам қамойдими? Сани бачча, уконг нима бўлди? Кимни қўлиго қолди?» деярди унга. Бизда бўлгонингда, қози сани беш дарра уриб, уйингго ҳайдордида, бориб етим уконгни боқ, дерди. Бу шўролорни қозиси ёмон деб, эшитгоним рост экон…»
Гапирган гапларидан ўзининг ҳам юрагига ғулғула тушарди. «Иби, акун мани нима қилсо экан, булар?» деб менга қайрилиб, сўнгра ўзи ҳақда гап бошларди.
Камерадагилар мен билан гоҳо: «Политический» деб, ҳазиллашар, аммо ҳурматимни жойига қўйишарди…
Бу воқеаларга ҳам ўн тўрт йил бўлди. У кимсаларнинг кейинги тақдирлари менга номаълум.
Ўтган давр ичида Ўзбекистонда «жиноят» турлари ва қонунлар ўзгарди. Қўйилаётган айблар, ҳатто жазолар ҳам илгаргиларга ўхшамайди. Маҳбусларга бўлган муносабат ва турмалардаги контингент тамомила бошқача бўлиб кетган…
СССР деган қудратли империя емрилаётган замонлар эди. М.С.Горбачёв халқларга бироз бўлсада сиёсий эркинликлар бера бошлаганди. 1990 йил, феврал ойининг охирларида Ўзбекистонда ҳам нисбатан очиқ ва демократик сайловлар ўтказилди. 181-Вобкент сайлов округидан Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутатлигига, ўзим раҳбарлик қилаётган ПМК (қурилиш ташкилоти)дан 250 ишчи номзодимни кўрсатди. Бу ҳаракат Вобкент туманига яқинда райкомнинг биринчи котиби бўлиб ишга келган Ҳошим Сатторовга ёқмади. Мени олдига чақиртириб, номзодимни қайтариб олишимни талаб қилди.
Ташкилотимиз ишчилари бундай қилишимга рози бўлишмади.
Окрукдан олдинроқ яна икки кишининг номзоди кўрсатилганди. Улардан бири – яқин кунгача СССР Олий Совети депутати бўлиб келган, «Калинин» номидаги колхоз раиси Муҳтарама Наврўзова ва иккинчиси, ўқитувчи – Сулаймон Саноев эди. Ўзига бино қўйган, димоғдор Наврўзовани райком, «опа депутат бўлади» дея очиқчасига қўлларди. Депутат бўлишидан гумони қолмаган «опа» «кучини» билдириш учун менга менсимаслик назари билан қарарди. Ўқитувчи Сулаймон Саноев содда ва нисбатан ҳалол инсон бўлишига қарамай, райкомнинг йўриғидан чиқолмасди.
Сайловчилар билан сайловолди учрашуви туманнинг «Зарафшон» колхозидаги мажлислар залида бўлди. Уч номзод бирин-кетин сўзга чиқдик. Учаламиз ҳам ўз дастуруламалимизни ирод қилдик. Йиғилганларнинг номзодлардан янги ғоялар ва фикр-муоҳозалар эшитишни истаётгани залдаги кўтаринкиликдан яққол билиниб турарди. Шу сабаб уйғона бошлаган халқнинг чинакамига сиёсий фаоллик кўрсатаётгани менга янаям куч-қувват бағишларди. Минбарга чиққаним заҳоти, гулдурос қарсаклар бошланди. Райком сайловчиларни тинчлантира олмай, оворайи жаҳон бўлди. Сайловчилар унинг авзойи бузилганини кўриб билиб турган бўлсалар ҳам, «бор, тошингни тер» дегандай, унга эътибор бермадилар. Халқ янгича тизимни, тараққиёт ва озодлик олиб келадиган кунларни қўмсаган эди. Кўриб, кўксим тоғ каби юксалди. Рақобатчиларимга ўхшаб ҳавойи гапларни гапирмадим. Ортиқ ваъдабозлик қилмадим, аммо самимий гапирим. Ўзимни сайловчиларимнинг истак-хоҳишларига монанд шижоатли ва эркин тутишга ҳаракат қилдим…
Ҳафсаласи пир бўлган райком, мени четга тортди, ва: «Ҳой йигит, қарсакларга кўп ҳам ишонма, деди. «Ҳа, деб «халқ», «халқ» ҳам деяверма, тушиндингми?! Бошини силасанг, уйғонади ва эгасига ташланади. Аввал почангдан олади, кейин болдирингни ғажийди. Бошига тарсиллатиб, уриб турсанг, ҳаддини билади ва ҳурматингни жойига қўяди. Айтиб қўяй, барибир менинг айтганим бўлади!»
У кетгач, бориб скамейкага ўтирдим ва кетма-кет бир нечта сигарета тутатдим. Халқ “йўлбошчиси”нинг халқ тўғрисидаги ўринсиз фикрлари ғазабимни қўзитди. Чунки, бу ҳақоратлар менга ҳам тегишли эди. Ичимда сўнсиз бир исён пайдо бўлди. Бу исён катта курашга бел боғлаган ва маррани шубҳасиз ишғол этишга аҳд қилган камситилган бир кимсанинг исёни эди…
Сайлов якунлари бўйича 68 фоиз сайловчи менга овоз берганди. Шу сабаб, “сайловни барбод қилгани учун” райкомнинг биринчи котиби ишдан олинди. Аммо Сатторовни «ёмон одам» эди, деган фикрдан йироқман. У ҳаракатчан, тиниб-тинчимас раҳбар эди. Туманда анча яхши ишларни амалга оширгани ҳам бор гап. Қисқаси, кўпчилик коммунистлар сингари партиянинг бир аскари эди, холос. Шахс сифатида ўзини намоён этишга қодир эмасди. Бир сўз билан айтганда, у буюрилганини «дўндириш»дан бошқасига ярамасди…
Маҳкама иши бошланишини кутиб ётган ўша кезларимизда, Чеченистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашгандан таранглашиб борарди.
Президент Жавҳар Дудаев Чеченистонни мустақил деб эълон қилди. Тан олишни истамаган Россия у ерга ўз қўшинларини кирита бошлади… Томга ўрнатилган радиокарнай ҳар кун бу ҳакда ахборот берарди. Онда-сонда, Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги қарашлари ҳам баён қилиниб турарди. Бир гал ахборотда Чеченистон қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларнинг президент Дудаевга мурожаати хусусида бир сиёсий шарҳловчи гапириб қолди. Айтилишича, мурожаатда маҳкумлар қўлга қурол олиб Ватан мустақиллиги учун урушга кирмоқ истаги билан вақтинча бўлса ҳам президентдан ўзларини турмадан чиқаришни сўраган эдилар. Ватанлари тўлақонли озод бўлгач ўз ихтиёрлари билан турмага қайтишларини айтиб, «Қуръон» номи билан қасам ичгандилар.
Бу менга жуда таъсир қилди. Аввало, Ўзбекистонда шунақа вазият рўй бергудек бўлса, бизникилар ўзларини қандай тутишлари мумкинлиги мени кўпроқ қизиқтирди. Шунинг учун камерадошлар орасида кичик бир сўров ўтказишга қарор бердим.
Агар юрт бошига оғир кун тушса, бизникилар ҳам бир тан-бир жон бўлиб оёққа қалқади, лозим бўлса молу жонидан кечади, мамлакатини – яъни насллар келажагини ҳеч қачон қўлдан бой бермайди, деган ўй, бутун фикри-зикримни банд қилиб турарди…
Турмада маъмурларнинг кундузги иш соатлари тугаб, маҳбуслар йўқламалардан қутилиб, ҳамма бемалол бўлганда мавзуни “халқ” муҳокамасига ташладим. Бошида, уларга мурожаатнинг маъно-мазмунини тўла англатишга ҳаракат қилдим. Сўнгра, ватанпарварлик ва миллий туйғуларни қўзғатадиган кичик маъруза бошладим. Охирида: «Йигитлар, Худо кўрсатмасин, Ўзбекистонда ҳам шунақа ҳолат юзага келса, сизлар чечен маҳкумларининг ўрнида бўлиб қолсангизлар, қандай йўл тутган бўлардингизлар», деган саволни кўндаланг қўйдим.
Бензин ўғриси дарҳол гап бошлади:
«Қўйинг, ака бу сафсатани, деди у энсаси қотиб. Озодликка чиқсам, биринчи галда мени чув тушириб, ўзлари очиқда юрган шерикларимни топиб, барчасининг бошини кесардим. Кейин пулларимни йиғиб, чет элга қочардим…»
Сберкасса қоровулини ўлдириб, кассани ўмарган мавзуни давом эттирди:
«Ако, мабодо ўшандай бўлиб қолса, мени беш соатдан сўнг Ўзбекистон деган ердан тополмасдингиз. Кетишдан олдин айрим кишилар билан ҳисоб-китобимни тўғирлаб, олардим!» деди, кекирдагини дакан хўроздай чўзиб.
Талаба:
«Ака, ватан-патан деган сафсатани бир четга йиғиштириб, мусурга улоқтиринг. Бу ватан ота-бобомизга вафо қилганми, бизга вафо қилсин! Шунақа имкон туғиладиган бўлса, биринчи галда ота-онамни бориб кўрардим. Улар билан яхшилаб хайр-маъзур қилиб, дуосини олардимда, каттароқ бир магазинними, банкними, уриб, бу ерлардан бир умрга ғойиб бўлардим. Ҳаётим барбод бўлди. Мен учун энди бошқа йўл йўқ…» деди.
Ҳеч қачон тайинли бир гап айтмайдиган эшак ўғрисига навбат етди:
«Бора-сола, эшак ўғирлаганимни мелисага сотган кўшним Абдужабборни топардим. Оғзидан тортиб, менинг номимни айтган тилларини кесардим. Кейин бир гап бўлар…»
Новвоси томарқасига киргани учун қўшнисини чопиб ўлдирган маҳбусга гал келди:
«Чиқиб, тўғри уйга борсам, қўшнининг ўғиллари мени кўрсалар, ўлдириб қўйишлари мумкин, деди у жиддий бир алфозда, қошларини чимириб. Шунинг учун «Ватан учун жанг қилмоқчиман» деб, аввал бориб, военкоматдан қурол олардим. Сўнгра, тунда уйга бориб, вазиятни ўрганардим. Қўққисдан, қўшнининг болалари ҳужум қилиб қолса, бира тўла ҳаммасини отардим-да, изимни йўқотиш учун фронтга жўнардим. Бир-икки ой ўтгач уйга қайтиб, тирикчиликни қолган жойидан давом эттирардим. Мен учун ватан, бу – ўз уйим. Бошқалар билан ишим йўқ, ўлиб кетишмайдими….»
Ўн саккиз ёшидаги рус боласи:
«Я никуда не пошел-бы…» дея гапни қисқа қилди».
Мотосикл “ўғриси” ҳам кескин ва лўнда жавоб берди:
«Уйга бора-сола, қорамолларимнинг ҳаммасини бозорга олиб чиқиб, сотардим. Таниш судя бор, йиққанимни ўшанинг қўлига элтиб тутқазиб, бу балолардан бира тўла қутилардим. Ўшанда, ахмоқлик қилмаганимда, судяга пулни вақтида берганимда, ҳозир бу ерларда шифтга боқиб ётмасдим, мен нодон. Умуман, бизни тинч қўйинглар, илтимос. Армияга бормаганмиз. Хотин ёш, ўқ-пўқ еб, бекорга ўлиб кетмайлик».
Афғонистонлик эса:
«Ако, ўзингиз биласизку ман Афғонистондан, деди. Сизларни армияга мани оладими, йўқми билмайман. Ўзи урушлардан қочиб, бу ерларга кегондим…»
Қўлимга сигарета олиб, камера дарчаси олдига бордим. У ердан ярим-ярти кўринаётган осмонга боқдим. Қоронғи кечада ғужғон бўлиб ёниб-ўчаётган юлдузларга кўзим тушди. Ичимга ғойибдан бир ўкирик уриб кириб, ғариб ва ҳимоясиз Ватаннинг ичикиб-ичикиб, йиғлаётганини туйгандай бўлдим. Кўзим косасидан кўксимга кўзёшларим думалаганини сезмасдим. Томоғимга хўрлигим келиб тиқилиб, қулоқларим том битди. Сигарани тутатиб, ичимга тортганимда, бўғзимни бир нима кесиб ўтгандай бўлди. Ичим қон ва зардобга тўлди. Бу тупроқ ҳеч қачон соҳибсиз қолмаган дея, бақиргим келди. Қамоқдалигимни эслаб, тиш қисиб, муштларимни тугдим…
Қанча чўзилмасин, суд жараёнлари бошланадиган кунлар яқинлашаётган эди. Мен ҳар томонлама маҳкама ишига тайёргарлик кўрардим. Уйдагилардан, ҳеч кимга билдирмасдан яшириқча «граната топилган» жавоннинг макетини ясаб, олиб келишларини сўрадим. Судда айтилши лозим бўлган сўнги сўз матнини ҳам олдиндан ҳозирлаб қўйдим. Маҳкама ишини сабрсизлик билан кутганим каби жаҳолатга қарши ўт очишга бутун вужудим билан интилардим…
Суд жараёни мен кутгандан ҳам кўра носоғлом бир вазиятда бошланди. Суд бошланишига бироз вақт қолганда содир бўлган бир воқеа асабларимни қақшатиб юборди. Мен, ўшанда «юксак маънавият яратяпмиз» дея иддао қиладиганларнинг кўпчилигидан қўлимни ювиб, қўлтиққа урган эдим…

Жонли «секс» томошаси

Шомда ширқираб қулфга калит кириб, соқчи шарақлатиб темир эшикни очди. У «хушхабар» келтирганди. Бир неча ойдан буён интизорлик билан кутилган маҳкама иши бошланаётганди…
Туни билан мижжа қоқмадим. Аввал бошдан суд жараёнларига пухта тайёргарлик кўрган бўлсамда, қайта-қайта хаёлимда режа туздим. Қандай қилиб бўлса ҳам бор ҳақиқатни юзага чиқаришим зарур, деган иддао менга бир дақиққа ҳам тинчлик бермасди. «Ўзбекистон Республикаси жиноят-просессуал кодекси»ни қайта кўздан кечирдим. Маҳкаманинг ҳалоллик билан ишни кўриб чиқишига гумоним бўлса ҳам, ичимда бирибир адолат ғалаба қозонади, деган умид бор эди.
Ялчитиб ухлолмаган бўлсам ҳам, тонг саҳарда ўрнимдан қалқиб, жангга отланаётган жангчидай соқчини кута бошладим. Икки кўзим темир эшикнинг назорасида. Одатда соқчилар судга маҳбусларни соат етти ярим саккизлар атрофида камералардан бир-бир териб, олиб чиқиб кетадилар. Шу сабабдан, мен ҳам соатнинг саккизга бонг уришини юрак ҳовучлаб, кутиб, олашақшақдек тиним билмайдиган «Машъал»га қулоқ осгандим. Маъносиз куй-қўшиқлар жонимдан тўйдирган бўлсаям, янгидан уйғонган умидлар қанотида хумга қамалган май сингари тўрт девор ичида жўшиб, қайнардим. Ва ниҳоят минг бир машаққат билан соат миллари саккизни мавҳ этди. Аммо даҳлиздан «тиқ» этган товуш қулоққа чалинмасди. Тўққиз бўлди, ҳамма ёқ сув қуйгандек, тинч. Соат ўн бўлди, ўн бир бўлди, ташқаридан хат-хабар йўқ. Руҳиятимдаги кўтаринкилик ўрнини тушкунлик ола бошлади. Бир нуқтада жамлаб турган хаёлларим, бўри оралаган қўйлар подасидай пораканда бўлиб кетди. Тушдан кейин чидашнинг сира иложи қолмади. Камера эшигини, «гупиллатиб» ура бошладим. Соқчи эшик кўксидаги туйнукни очар-очмас, ундан нима сабабдан мени судга олиб чиқишмаганини сўрадим.
«Бу жойга киришга ҳамма учун йўл бор. Аммо, чиқиш сиз ўйлагандек осон эмас, ўртоқ жиноятчи», деди соқчи. Орқасидан, шунчаки ҳазиллашганини, ҳеч нарсадан хабари йўқлигини айтди. Дарҳол кафтига пул қистирдим. «Шест секунд” деди, ва ғойиб бўлди. «Суд маълум муддатга кечиктирилибди, сабабини ҳеч ким билмайди» деди, сўнгра у қандай ғойиб бўлган бўлса, қўққисидан эшик орқасида пайдо бўлиб.
Ҳибсхонада маҳбусларга «ўртоқ жиноятчи» деб мурожаат қилишади. Судда маҳбуснинг жинояти исботини топмагунча, аслида унга «жиноятчи» дейишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Буни қонунда лўнда қилиб ёзиб қўйган. Менга кўра, ҳали жинояти тасдиғини топмаган кимсага «ўртоқ жиноятчи» деб мурожаат қилаётган тарафнинг ўзи аслида жиноят содир қиляпди.
Маҳкама ишининг тўхтатилгани сабабини бир муддат кейин билдим. …Суд жараёнлари бошланишини эшитган сайловчиларим карвонбошилигида мени яхши биладиган жами тўрт юз атрофидаги вобкентликлар эрталабдан суд биноси олдида тўплана бошлаганлар. Ичига ғулғула тушган ҳокимият вакиллари ва миллий хавфсизлигидагилар бир кор-ҳол чиқмасин дея, ўзларидан қўрқиб судни кечиктиришга қарор берган. Сўнгра, йиғилганларга бугунги маҳкаманинг номаълум сабабларга кўра қолдирилганлигини, суд эртага Жондор туманида иш бошланишини айтишган ва улардан тарқалишни сўраганлар.
Танишларнинг кейинроқ берган иқрорларича, эртаси кун бир қанча сайловчиларим ва йигирмадан ортиқ дўсту ёрлар 60 км узоқликдаги Жондорга ҳам етиб боришган.
Бугун таърифини келтиролмайдиган даража ёмон бир кайфиятда уйғондим. Туни билан суднинг нима сабабдан қолдирилганини ўйлаб, ўйимга етолмадим. Эрталаб, соат ўнлар чамаси, камера эшиги кутмаганда очилди. Соқчилардан даҳлизда мени судга олиб кетишаётганларини билдим. Эшитиб, бутун баданимни титроқ босди. Ҳис-ҳаяжонимни билдирмасликка тиришдим.
Машина узоқ юрмади, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас бир ерда тўхтади. Ташқаридан одамларнинг ғалағовури эшитиларди. Машинанинг орқа эшиги очилиши билан тўпланиб турган одамларга кўзим тушди. Аллақандай, катта бир бино олдида эдик. Одамлар мени кўриб, қичқира бошладилар. Уларнинг кўпчиликларининг кўзларида ёш кўрдим. Юрагим тўлди, истамаганим ҳолда менинг кўзларимни ҳам кўз ёшлар пардаси қоплади…
Ҳар томон тирбанд эди. Мелисалар тўпланганларнинг қоқ ўртасидан икки тарафга бўлиб, тирик девор пайдо қилган эди. Машинадан бошланадиган «даҳлиз» суд идорасининг эшигига бориб тақаларди. Ерга қадамим тегиши билан икки билагимдан омбурдай қисиб ушлаган мелисалар мени тезлик билан бинога судраб кета бошладилар. Шунда, одамлар орасида чақалоғини бағрига маҳкам босиб, жон-жаҳди билан менга талпинаётган хотинимга кўзим тушди. Мен ҳам кишанланган қўлларимни чўзиб, бор кучим билан олдинга талпинган эдим, мелисалар тўсиб мени тўхтатиб қолдилар. Одамлар ўпқони ичида хасдек чайқалаётган хотиним, бир кор-ҳол рўй бермасин деб Эркиёрни юлқиниб бағрига босса ҳам, икки кўзини мендан узмасди. Ваҳший бир куч билан мелисалар деворини ўзим билмаган ҳолда бир ҳамлада бузиб, хотинимга етиб бордимда, унинг бағридан кенжамни кишанланган қўлларим билан узиб олиб, жаҳд билан бағримга босдим. Бир неча мелиса баробарига устимга ёприлганда, одамлар қий-чув кўтардилар. Ичларига ваҳима оралаб, улар саросимага тушдилар ва орқага чекиндилар. Боламни тўйиб-тўйиб ўпиб, ўпкамни исларига тўлдирдимда, чақалоқни қайтиб онаси қўлларига тутқаздим. Кишанланган қўлларимдан ушлаб, вазифасини давом эттиришга халқнинг вожаҳатини кўрган мелисаларнинг юраги бетламади. Уларни кутмасдан ўзим суд биносига қараб юриб кетдим.
Маҳкама иши Жондорда бўлади, дея ҳукуматнинг одамларни атай чалғитгани ҳаммага маълум бўлди.
Мени «Отбозор»дан унча узоқ бўлмаган Бухоро шаҳар Файзулла Хўжаев туман халқ суди биносига олиб келгандилар. Ҳукумат аҳолини чалғитишга жон олиб-жон бериб қанчалар уринмасин, воқеа гувоҳларининг иқрорига кўра суд жараёнини беш юздан ошиқ кимса таъқиб этаётган эди. Суд зали икки юз иштирокчига мўлжаллангани учун одамлар суд жараёнларини алмашиб, навбат билан кузатардилар.
Таҳликага тушган ҳукумат суд биносини ўша кунларда мунтазам равишда элликдан ортиқ мелиса ва МХХ ходимлари томонидан қўриқлашга буйруқ берганди.
Бинода катта-кичик иккита суд зали бор эди. Хоҳласа, маҳкама бир вақтнинг ўзида икки жойда иш олиб бора оларди
Мени маҳбуслар «каталашка» деб атайдиган тахминан 1,2х1,2 келадиган «ўра»га келтириб тиқдилар. Бу жойни хона деб бўлмас, у расмона каламуш ўрасидан фарқ этмасди. Фарқи, каламуш ўраси ер остида бўлса, буниси ернинг устида эди. Иккита «ўра» бир-бирига ёнма-ён қурилганди. Улар ўта қоронғи, зах ва жуда ифлос жой бўлиб, олд томонига тўлиғича темир панжара тутилган, уч тарафи бетон девор эди. Темир панжаралар соқчилар қўриқлаб турган катта залга қараб очиларди. Ҳар икки зал бир-бирига унча узоқ бўлмаган масофада бўлиб, уларга даҳлиз бўйлаб бориларди. Шу боис ҳар икки залдагиларнинг ҳам шовқини бу ердан бемалол эшитилиб турарди…
Кўп ўтмади. Соқчилар судраб, келтириб, орқадан етиб келган бир зобитнинг буйруғи билан яна бир маҳбусни менинг «ўра»мга тиқдилар.
Унга кўзим тушганида, уни иккинчи «ўра»га қамасалар керак деб ўйлаган эдим. Чунки, иккинчи «ўра» бўм-бўш эди. Зобитнинг ҳаракатларидан таажжубга тушган эсамда, қўлимдан ҳеч иш келмаслигини ўйлаб, тақдирга тан бердим. Қолаверса, суд жараёни тез бошланади, бироздан залга чиқаман деб тахмин қилаётган эдим. Фалокат оёқ остидан чиқишини ҳисобга олмаган эканман, судгача кутилмаган яна бир имтиҳонни топширишга тўғри келди…
Туртиниб-суртиниб, маҳбус билан қоронғида таниша бошладик:
– Мен Насрулломан, сиз кимсиз? – дедим, биринчи бўлиб.
– Что, не узнал, я Илхам! – деди у тўнғиллаб.
– Откуда мне знать тебя? – дедим мен ҳам унга ўзи жавоб берган оҳанда.
– Ты что? – деб, у менга ташланиб қолди. Икки қўллаб елкамга чанг солди. Қўлларини махкам ушлаб, уни ўзимдан итариб ташладим. У жуда қилтириқ ва нозик кўринса ҳам, анча чайир эди. «Ўра»да ким ҳукумрон эканлигини аниқлаб олиш учун икков бир-биримизни турткилашда давом этардик. Соқчилар кўриб, тамоша қилаётган бўлсалар ҳам, «миқ» этиб оғиз очмасдилар.
– Ты по какой..? – деди у бироз талашганимиздан сўнгра тинчлангандай бўлиб.
– Двести десятий, часть первий, – дедим.
– Оооо – террорист! Террорист!!! – деди у ва негадир бирдан ҳовуридан тушди. – Сен-чи? – дедим мен унга ўзбекчалаб.
– У меня вечно одно и то же, вот уже 15 лет одно и то же.., – деди гапини қисқа қилиб.
Шу пайт:
– Менга туҳмат қилишди! Худо хоҳласа, бугун чиқиб кетаман! – деб юборганимни сезмай қолдим.
– Неужели? – деди у.
– Мен бир демократ одамман, ҳақгўйлигим тепадагиларга ёқмади, шу туфайли…
– О… Демократ! Демократия, дем-о-кра-тия! – дея, мени масхаралашга тушди у.
– Пишган калладек, ишшайма, сен нимани тушунардинг? – дедим, тутоқиб.
Шу зайлда ярим соатча ит-мушук бўлиб турдик. Сўнгра, у бирдан тинчиб қолди.
Мен ичимда уни ўғри ёки гиёҳванд бўлса керак, деган хулосага келгандим. Шунинг учун ўзимча унга «Жўқи»да дея лақаб ҳам қўйдим.
Бир пайт, мелисалар ўтирган томондаги катта залнинг эшиги очилиб, бир аёл кўринди. Илҳом, тожикчалаб, дарҳол унинг отини айтиб, чақирди. Сўнгра: «Олиб келдингми?» дея, сабрсизлик билан панжарага ёпишди. Эр-хотин бўлсалар керак, деб эътибор бермасликка уриндим.
Соқчилардан бири бориб, аёлдан бир даста пул олди ва уни шошмасдан санаб чўнтагига тиқди. Кейин, аёлнинг қўлидан рўмолчага ўралган нарсани олиб, келтириб Илҳомга берди. У қонунга хилоф бу ҳаракатларни ўта хотиржамлик ва совуққонлик билан бажарди. Унинг ўзини бамайлихотир тутишига қараганда, орқасида бошлиқлар турганини пайқаш қийин эмасди. Аёл берган нарсасининг эгасига текканига ишонч ҳосил килгач, Илҳомга: «Мен шу ерда бўламан» дегандек ишора қилиб, эшикни ёпди.
Илҳом шоша-пиша рўмолчани очди. Рўмолчага суюқлик тўлатилган шпирис ўралганди. Кўргач, у ўзида йўқ қувониб, дарҳол чўнтагидан гугурт чиқариб, менга: «Буни, ёқ!» деди. У бир пасда ҳалим бўлиб қолганди. Нима қилмоқчи бўлганини англамасамда, гугуртни ёқдим. У енгини шимардида, гугурт ёруғида билагидан томирини излай бошлади. Кўриб, мени титроқ босди. Чунки бунақасини умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Гиёҳвандлар хусусида бир оз тасаввурга эга бўлсам ҳам, қабул қилиш жараёнига ҳаётимда биринчи бор гувоҳ бўлаётган эдим. Болалигимдан уколни ёқтирмаганман. Бетимни буриштириб, ён томонга қарадим. Аммо, истамасам ҳам кўзимни қири билан ҳаммасини кўраётган эдим. Аксига олиб, гугурт чўпи тез ёниб битди. У: «Бўл! Ёқ! Ёқ! Давай, бистрей!» деб бақирди. Қўлим қалтираб, ҳар ёққанимда чўп ўчиб қолаверди. Ҳатто, бир марта ёниб турган чўпни бехосдан пуфлаб ўчириб ҳам қўйдим. У жовдираб, «бўлсангчи!» дегандек кўзлари билан менга ёлворарди. Ўнинчими, ўн бешинчими уринишда бир амаллаб, гугуртни ёқдим. У игнани билагига санчди ва шпирисдаги бор суюқликни томирига юборди. Юрагимга бирдан ваҳима оралади. Хаёлимдан, уюштирган бўлсалар-чи, «террорист» деган айбловга «гиёҳванд»ликни ҳам қўшиб қўйишмоқчи эмасмиканлар ишқилиб, деган ўй кечди.
У игнани суғириб, бўш шпирисни рўмолчага қайта ўраб, чўнтагига тиқди.
Кузатиб турган мелисалар ичидан бири:
– Илхамчик… Ну как? – деб қолди.
– Ка-аа-айф! – деди Жўқи.
Унинг башарасида ўзгаришлар содир бўла бошлаган эди. Олазарак кўзлари чақнаб, икки юзи қип-қизил бўлиб ёнарди.
Кутилмаганда, у баданини тинимсиз қашлашга тушди. Унинг елкалари уча бошлаган эди.
– Оддий гугуртни ёқишни билмайсан, қаерда ўқигансан?! – деди ғиншиниб. Гиёҳванд билан тенг бўламанми, деган андишада саволига жавоб қайтармадим. Энди, у тинмай вайсарди, яна бир думалаб эшакка айланиб олганди. – Яна демократман дейсан, демократия дегани нималигини биласанми, ўзи?! – дея баттар асабимга тегарди.
Вазият қалтис эди. Можора кучайиб, таҳлика улканлашиб борарди. Бу Худо урган гиёҳванд билан тенг бўлсам, мени маҳкама бошланмасдан келган жойимга қайтариб олиб кетишлари аниқ эди. Унинг орқасида ҳуқуқ посбонларининг казо-казолари турмаганида эди, у «адолат уйида» бу сурбетчиликларни бемалол амалга оширишга қодир эмасди. Менинг бу қопқонга тумшуғимдан илинишим, ҳукуматдагилар учун айни муддао бўлади. Рутбалари кўтарилган зобитлар, сўнгра Жўқига бундан ҳам кўп имкониятлар яратади.
Аксига олиб вақт оёқлари юлинган чумолидан ҳам секин иммилларди. Суднинг бошланиши ҳам аччиқ ичак каби чўзилиб борарди. Хуллас, вайсақи гиёҳванднинг алжирашларига имкон қадар тишни-тишга қўйиб чидаб туришдан бошқа чора йўқ эди. Аммо у вақт ўтган сайин йиртқичлашар, менинг ўзимни жиловлашга уринишим, уни ваҳшийга айлантираётган эди.
Мендан садо чиқавермагач, у мени турткилай бошлади. Ғазабдан қоним бошимга чиқиб, қулоқларим шанғиллаб кетди. Иккинчи Насрулло ичимда, «ур, ўлсин» деётгандек эди. Муштларимни тугиб, тумшуғининг остидан солиб оёқларим остига йиқаман дея, ҳезланганда, кўзларим олдига ўғлимни бағрига босиб, одамлар ўпқони ичидан менга илтижоли термулган хотинимни қиёфаси келди, ва негадир шаштимдан қайтдим.
– Жўқини олинглар бу ердан, тоби қочаяпти! – дедим, соқчиларга бақириб.
Улар «ўра» тарафга қайрилиб ҳам боқмадилар. Стол атрофида давра олиб, судланувчиларнинг орқасидан яқинлари олиб келган овқатларни баднафслик билан паққос тушираётган эдилар. Ароқ тўла пиёлаларни тўқиштириб, «ота» ва «келажаги буюк ўзбекистон» учун бўкиб-бўкиб, ичардилар. Аслида, Ўзбекистонни ёв босса, парвойларига келмасди. Бир яшиқ ароқ учун керак бўлса, улар шу тобда Ўзбекистонни Россияга қайтариб сотишга ҳам тайёр эдилар. Аммо, негадир ўз-ўзидан Жўқининг саси кесилди. Панжарага тикланиб, залнинг эшигига тикилиб тураверди. Бир пайт эшик очилиб, ҳалиги аёл мўралади.
– Уни бу ёққа, киргизиб юборинглар, пулини тўлаймиз – деди у, аёлдан икки кўзини узмай.
Ароқларини тўқиштираётган мелисалар, хохолаб кулдилар ва: – Мана шу таклиф учун охиригача сипқорамиз, – дея бараварига кўтармоқчи бўлдилар, ичларидаги бақалоқроғи: – Бир дақиқа, деди. Кўтида қолдирган «кўт»…
Ҳамма ичиб, пиёлани столга чаппа этди.
Уларнинг ичидан бири қўлидаги бир даста калитни ўйнатиб, аёлнинг ёнига борди. Аёл иккаласи бошда, ўн-ўн беш сония савдолашди. Кейин, аёл қўлини кўкраги орасига тиқиб, у ердан суғириб мелисага пул чиқариб берди. Мелиса пулни бўлиб икки чўнтагига жойлагач, аёлнинг қўлидан ушлаб, уни «ўра»нинг панжарасигача бошлаб келди. Аввалида, уларнинг мақсади нима эканлигини англамадим. Англагач, бутун вужудим нафрат билан тўлиб, тошди. Бунақа тубанликни кўриш нари турсин, ҳаётим бино бўлиб эшитмаган ҳам эдим. Инсон деб аталмиш Аллоҳ азиз ва мукаррам этиб яратмиш маҳлуқ ҳам шунчалар жирканч ва уятсиз бўлиши мумкинми, ажабо?!
Ширакайф мелиса эшикка калит сола бошлади. У учун ҳеч қанақа ғайриоддий нарса содир бўлмаётгандек эди. Ҳар кун юз бериши мумкин бўлган воқеа юз бераётгандек, у пинагини бузмасди. Менинг эса ичимга даҳшат кирган эди. Гўё, назаримда ҳозир портлаб, парча-парча бўлиб кетадигандек ўзимни ҳис қилардим.
«Йў-ўқққ!» дея бақириб юборганимни сезмай қолдим.
Ҳайқириқдан ароқхўрлик қилаётган мелисаларнинг капалаги учиб кетди. Ҳаммалари уяси бузилган қовоқарилар сингари пажарага ёприлиб келдилар.
– Бу ишни ҳайвон ҳам қилмайди. Сизлар нима қиляпсизлар, ўзи? Ақл-ҳушларингиздан жудо бўлмаганмисизлар?!
– Нима дединг?! – дея ширакайф Жўқи менга ташланди.
Ортиқ, чекинишга чегара қолмаган эди. Эндиям, тилимни томоғимга ютадиган бўлсам, тилсиз шайтондан фарқ этмасдим. Жўқини қаттиқ қучоқлаб, икки букдим. «Тамом, етар!» дегандай у қўллини ҳавога кўтаргач, бўшатдим, у турган ўрнига бўшаган қоп сингари шалпайиб ўтириб қолди.
Шунда мелисалардан бири: – Э, жўра! Кайф қилиб, томоша этмайсанми? «Живой секс”ни турмадан чиққунча кўрасанми, йўқми? Ҳақиқатчи, қонунчи бўлсанг, ҳали қутулиб чиқишингга гарантия ҳам йўқ! – деди менга.
Ҳеч нима демадим. Юзимга қон тепчиганини ўзим ҳам сезиб турардим.
– Нега қизариб, кетдинг? Гапларим ёқмадими? – деди у. – Майли, хоҳламасанг, сени бошқасига ўтказамиз!
Мени иккинчи «ўра»га ташлашди. Аёлни биринчи «ўра»га тиқиб, Жўқи иккаласининг устидан қулфлаб қўйишди. Суд биноси ичида жонли «секс» томошаси бошланди. Мелисалар безрайиб, боқиб, ҳайбаракаллачилик қилиб, ҳаёсизларни олқишлаб турдилар…
Бутун дунёда, политсияга энг тарбияли, ақлли ва фаросати жойида йигитларни саралаб ишга олишади. Улар ўз халқининг ҳақиқий ҳимоячилари, адолат ва миллат ҳақ-ҳуқуқларининг кафолатидирлар. Бизда, тескариси. Дордан қочган, онаси билан ҳам жинсий алоқа қилишга майллари борлар мелисаликка сараланади. Бу маълум бир соҳа соҳибларининг хатоси эмас, тизим чириётганининг аломатидир.
Мен кўрган бу бедодликни дунё дунё бўлиб ҳеч ким Ўзбекистондан бошқа жойда кўрмаган бўлса керак. Жаҳон урушларида ва руслар тупроқларимизга бостириб келиб, аждодларимизни қиличдан беомон ўтказганда ҳам, сабабсиз қамаб, судсиз отганда ҳам, бунақа пасткашликлар содир этилмагани бор гап. Бундан кўра, сўроқсиз ва судсиз ўзингга қабр кавлатиб отиб ташлашса, ўзингни бу қадар камситилмаган ҳис қиласан, одам…
Бурчакда турган телефон жиринглади. Гўшакни кўтарган соқчи: «Есть!» деди. Сўнгра, келиб мен турган «ўра»нинг эшигини очиб: «Ўртоқ жиноятчи, чиқинг, кетдик!» деди.
Бир неча соқчилар қуршовида суд залига кириб бордим. Суд зали одамларга лиқ тўла эди. Бир-бир, уларга разм солдим. Уларнинг ичида қариндош-уруғлар, дўстлар ва танишлардан ташқари нотаниш инсонлар ҳам анчагина эди. Чеҳралар ташвишли кўринса ҳам, ботинида умид учқунлари сачраб тургани яққол сезиларди. Чамамда, яхши гумон қилинаётгани билан суднинг адолатли якун топишига ҳам ҳаммада ишонч йўқ эди.
Шундай қилиб, 1994 йилнинг 4 апрел куни тушга яқин; болалари ётадиган уйдаги жавонда – кийим ва ўйинчоқлар орасига жанговор граната «яширган» Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати устидан суд мақкамаси иш бошланди. Масхарабозлик ҳукмронлик қилган суд жараёнларида ажабтовур ҳангомалар содир бўлишини аввалдан билганимда эдим, замонамизнинг Хўжа Насриддини бўлмиш Ҳожибой Тожибойни суд раисидан маҳкамада қатнашишни ялиниб сўраган бўлардим…

Жажжи гувоҳ

Ўқиганингиз каби суд тўрт девор ортидаги ғалва билан бошланди.
Судя бошда ҳайъат аъзоларини таништирди. Томонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида тушунтириш берди. «Айблов хулосаси»ни узундан-узоқ ўқиди. Ва, охирида судда гувоҳлик берувчиларнинг рўйхатини эълон қилди. Рўйхат бошида Вобкент туман ИИБ бошлиғи ва жиноят ишлари бўйича бўлим бошлиғи турарди. Уларнинг пешидан Бухоро вилояти ИИБга қарашли жиноят-қидирув бўлимининг уч нафар ходими ва Вобкент туман ИИБ биносида доимий навбатчиликда турадиган юк автомашинаси ҳайдовчисининг исми-шарифи ўқилди. Тинтув актига имзо қўйган етти кишининг олтиси ички ишлар ходимлари эди. Еттинчи гувоҳ қўшнимизнинг ўғли – Ҳожиев Абдуқаҳҳор бўлиб, уни ўша тунда тинтувга мажбурлаб олиб келишган.
Кун томонларнинг хайр-хўши билан якун топди.
Мен бу разилликни ҳар қандай йўл билан фош қилишга енг шимарган эдим.
Бу ишнинг жуда оғирлигини ҳам, амалга ошириш учун юздан ўн – ўттиз орасида имкониятим борлигини ҳам тушуниб етгандим.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам чиқмаган жондан умид зайлида иш тутишга мажбур эдим. Жон, жон бериб олинишини, Беҳбудий айтмоқчи: Ҳақ берилмаслигини, олинишини, мухолифатнинг Бухородаги бир лидери сифатида ўзимга шиор қилиб танлагандим.
Бошида айтганимдек, болалар ётоқхонасидаги жавоннинг макети қўлимга тегиши лозим эди. Бу ишда менга хотинимдан бошқа биров кўмак беролмасди. Ундан ташқари “жанговор граната”нинг менга оид эканлигига хулоса берган эксперт аёлнинг суд жараёнларида ҳозир бўлиши муҳим эди. Суд жараёнлари адолат мезонларида иш кўрадиган бўлса, мен сўзсиз у берган хулосанинг асосли эканини ҳеч қанақа қийинчиликсиз чипакка чиқарардим. Албатта, қайта-қайта урғу бераётганимдек, маҳкама ишини олиб бораётган маъмурларнинг адолат мезонларига эмас, мустабидлик ранги билан тусини ўзгартираётган ҳукуматга ён босишлари маълум бўлиб борарди.
Тафсилотларни ойдинлаштириш учун яна бир жажжи кимсанинг судда гувоҳ сифатида қатнашишига тўғри келарди. У тўққиз ёшли қизим, Мадина эди….
«Айблов хулосаси» ва гувоҳлар рўйхати ўқиб эшиттирилгач, судя мендан қўшимча гувоҳлар чақириш учун талабнома ёздириб олди.
Шу билан суднинг биринчи куни тугади.
Камерага кирибоқ, каравотга чўзилдим.
Эрталаб, хотинимнинг қучоғига ўғлимни бераётганимда у мелисаларнинг саросимага тушиб қолганидан фойдаланиб, баъзи бир маълумотларни қулоғимга шипшитишга улгурган эди. Шу сабаб, ўша машҳум тундаги воқеаларни қайта бошдан эслаб, хаёлан ҳақиқатни юзага чиқаришнинг чорасини излардим.
… Болалар ётоқхонасининг тўлиқ бир тарафи китоб токчаси ва кийим-кечакларни илиш учун жавонга айлантирилганди. Ҳаммаси қўлбола услубда ясалганди. Жавон ҳам энига ҳам бўйига уч қисмга бўлинган бир нечта токчалар ва тортмалардан иборат эди. Хотиним болаларнинг ҳар бирига уларни алоҳида-алоҳида бўлиб берганди. Ҳар бир бола кийим, китоб ва уйинчоқларни ўз бўлмасида сақларди.
Хотиним кафтимга қистирган мактубдагиларга кўра, катта қизим Мадина ўша тунда хонага кимнингдир кирганини сезиб, уйғониб кетган. Пардадан тушган хира ёруғда у кимсанинг ҳаракатлари яққол кўзга ташланган. Қаттиқ қўрққан қизим, дамини ичига ютиб, ўзи англамаган бир ҳолатда «жиноят иши» қандай тайёрланганининг гувоҳи бўлган. Шарпа жавонни пайпаслаб, очиб, ғаладонларнинг бирига қўйнидан бир нимани олиб, «тақ» эткизиб ташлаган. (Ҳар ҳолда, унинг «тақ» эткизиб ташлашни истамагани тайин. Шу томонини ҳисобга олсак, ўша нарса унинг қўлидан бехосдан тушиб кетган бўлиши мумкин). Табиий, қизим у нарсанинг нималигини билмаган. Шарпа қайтиб чиқаётганда, ойнинг ёруғида юз-кўзи аниқ кўринган… Мен қамалганимдан кейин, қизим барчасини ойисига айтиб берган.
Бу дегани, қизим ўша кимсани кўрса, аниқ танийди, дегани эди.
Суднинг иккинчи куни мужмал бир кайфиятда бошланди. Чунки, гувоҳ сифатида чақирилган мелисаларнинг бирортаси суд маҳкамасига келмади. Ўша тунда навбатчиликда турган ҳайдовчи – Аҳмат ака билан қўшнимиз Абдуқаҳҳор келди холос.
Судя уларни бирма-бир чақириб, гувоҳлик ола бошлади.
Аҳмат ака, ўша тунда мелисалар билан ҳақиқатан бизникига келганини, аммо тинтувда қатнашмаганини, тинтув пайтида ҳовлида турганини, гранатани ким, қаердан топганлигини кўрмаганини айтди.
Тинтув ўтказилганидан сўнгра ҳамма мелисахонага борган. У ерда унга аллақандай қоғозларга қўл қўйдириб олишган. У ўз қўли билан ҳеч нима ёзмаган, хат саводи бўлмагани учун имзо қўяётган қоғозларни ҳам ўқимаган. Қисқаси, у киши шунчалик соддалик ва гўллик билан гапирдики, залда ўтирганлар ҳам кулди, ҳам ғазабланди.
Биздан икки ҳовли наридаги қўшнимиз – ёш йигит Абдуқаҳҳор ҳам шунга ўхшаш гап қилди. У ўзини мелисалар алдаганини, нима сабабдан олиб келганларини тушунмаганини ва қилган ишидан пушаймон эканлигини билдирди. Қоғозларга ўқимай қўл қўйиб берганини, кимдир унга ўша тунда гранатани кўрсатганини, у нарсанинг қаердан топилганлигини кўрмаганлигини ва ҳеч нимадан хабарсизлигини тан олди.
Фитна бошида юқоридагилар турганини ҳамма яхши биларди. Аммо, уларга яхши кўриниш учун виждонини сотган ижрочиларнинг пасткашлиги кўпроқ ҳаммани бирдай ҳайратга солганди. Миллатнинг ва давлатнинг суянган тоғлари бўлишга арзийдиган касб эгалари мелисаларнинг ахлатга тушган қурт каби ўзларини чиркин ва нафратга лойиқ тутишлари, келажакда жамият ичида туриб сон-саноқсиз сохта жиноятлар уюштирилиши мумкинлигидан дарак бераётганди. Бошқа томондан, туҳматга бош-қош бўлган ва ёлғон гувоҳлик берган «халқ поспонлари»нинг менинг ишимни чеккадан кузатаётгани жуда таҳликали эди. Бу, улар навбатдаги топшириқни беклаяпди, дегани эди. Чунки, улар шахс сифатида бир чақага қиммат, юқоридан «бос» дейилса, фитнанинг «туҳмат машина»сига миниб, олчоқликларини давом эттирмасликларига кафолат йўқ эди.
Суд залида қайнотам Эшпўлот Ёров ва акам Саъдулла Саидов умидсизликка кўмилиб, ҳар замон хомуш ўтирардилар. Қайнотам мени яхши кўргани каби мен ҳам у кишини жуда ҳурмат қилардим. У киши паст-баландни кўрган, тажрибали ва зийрак одам эди. Вақтида, у мактаб директори бўлган. Кейин колхозда партком, сўнгра райком инструктори бўлиб ишлаган. Охирда, барчасидан қўл силтаб, Бухоро шаҳридаги бир институт ётоқхонасида комендантлик қиларди. Унинг қаттиқ изтироб чекаётгани бутун қиёфасидан ёғилиб турар, хаста бўлгани учун унга асабийлашиш мумкин эмасди. Асабийлашса, қон босими кўтарилиб, оёқлари шишарди, ва юролмасдан қоларди. У бошимизга тушган туҳмат тошларининг залворини кўтара олмади. Маҳкама иши тугагандан ўн кун ўтиб, олтмиш ёшида тўсатдан вафот этди.
Акам эса, ўзини илмга бағишлаган, ҳақиқатгўй инсон эди. У қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ажабтовур илмий иш қилган олим, физика фанлари номзоди, университет домласи эди… Гапнинг қисқаси, қайнатам ва акам иккаласи мелиса-гувоҳларнинг судга келишларини ташкил қилишлари лозим эди. Суд жараёни чоғида, уларни яқинроққа имлаб чақириб, муаммони бир бало қилиб ҳал қилишни сўрадим. Улар шу заҳоти суд залини тарк этиб, чиқиб кетдилар…
Кейин айтишларича, суд залидан чиқиб, улар тўғри Бухоро ИИБ биносига боришган. Ичкарига кира олмасдан роса овора бўлганлар. Улар билан ҳеч ким гаплашишни истамаган. Улар ҳам бошлиқ олдига киришни талаб қилиб, ИИБ биноси олдидан кетмай, кун бўйи тураверганлар. Кечга бориб, масъулиятли лавозимда ишлайдиган бир кишига улар ўз дардларини айтишга мувафақ бўлганлар. У кимса юқоридагилардан қўрқмасдан, юрак бетлаб, ёрдам қўлини чўзгач ишнинг ҳал бўлиши учун йўл очилган.
Ўша одам мардлик қилиб, гувоҳлик беришдан қочиб юрган мелисаларнинг судга келишини таъминламаганда, билмадим, аҳволим не кечарди?!
Ҳибсхонанинг тошбақага ўхшаш ҳамма жойи берк, ичи қоп-қоронғи темир машинаси ҳар кун судга олиб келиб, олиб кетади. Йўлда ҳам, ҳибсхонада ҳам бир хил манзара. Бир кинони юз марта кўрган каби кунлар турган жойида айланаверади, айланаверади…
Яна, янги кун бошланди. Яна, «тошбақа» ўлгурнинг қуёшдан тандирдек ёниб турган ичига қамалиб маҳкамага етиб келдим. Суд тушдан сўнг бошланди. Аниқлик йўқ, айтилган сўзга амал қилиш йўқ. Суд раиси кўнглига қараб иш тутади. Ишини, мол-ҳолини ташлаб келган одамлар аҳволи уни қизиқтирмайди. Тизим фуқаро учун эмас, мамлакатни қай йўл билан бўлсаям, жиловлашга тиришаётган кучлар учун ишлайди. Ҳукумат бошида турган уқувсиз бир кимсадан диктатор ясаб, оёғини ердан узиш учун тиришади. Мулозимлар мансаб курсиларидан мосуво бўлмасдан туриб, ҳар қандай йўл билан бойлик орттириб қолиш ташвишида. Советнинг таълим-тарбиясини олган коммунист сарқитлар сиёсатни фалаж қилишга аҳд қилганлари каби, мамлакат иқтисодиётини парон-парча этишга киришганлар. Тузим алмашаётган жараёнларда данғиллама уйлар қуриб, бола-чақанинг келажагини таъминлаш уларнинг умр мазмунига айланган. Уларнинг нафсга ботган қоронғи дунёсида давлатчиликка йўл йўқ. Тараққиёт ва ривожланиш – бойиш ва ҳукуматни идора этиш учун тўсиқ бўлиб кўринади. Уларни маънавиятнинг «м» ҳарфи ҳам қизиқтирмайди. Така бўлсин, сут берсин қабилида иш кўрадилар. Чунки, яккаҳокимликка интилаётган Каримовга ҳам, «Келажаги буюк давлат» дея дунёга аюҳаннос солинаётган Ўзбекистоннинг келажагига ҳам ҳеч кимда умид йўқ. Мамлакатнинг муҳим соҳаларини эгаллаб олган «порахўрлар армияси», «Ўзбек давлатчилиги» деган тушунчани, умумман тасаввурларига сиғдира олмайдилар. Улар, ҳалиям Иттифоқнинг қайта тикланишига умид қилиб яшаяпдилар. Пора – мамлакатнинг жон томирига айланиб боряпди.
Вобкент тумани ИИБ бошлиғи чақирув қоғозни қўлда тутганча залга кириб келди. Судя уни дарров минбарга чорлади, ва суд ишига алоқадор воқеа тавсилотларини сўради. У сўз бошламасдан суд залида ўтирган хотинимга ишора қилдим. У «жанговор граната» топилган жавоннинг кичик макетини чиқариб, ҳамманинг кўзи тушадиган ерга қўйди. «Бошлиқ» кўриб, саросимага тушди. Сўзни нимадан бошлашни билмай, каловланиб қолди. У бир макетга боқса, бир менга боқарди. Залдагиларга анқовланиб термулаётган кўзларида овсарларнинг кўзларидаги сингари бир олазараклик кезарди.
Ахири, тинтув ўтказилган пайтда у болалар ётоқхонасида бўлмаганлигини, ҳовли ташқарисида сигарета тутатиб турганини тан олди. Гранатанинг қаердан топилганини кўрмаганини, ва ҳеч нима билмаслигини айтди. Кўриб, давлат қораловчиси сифатида қатнашаётган прокуратура вакилининг таъби тириқ бўлди.
ИИБ бошлиғига, у:
– Кўрмаган бўлсангиз, протоколга нега қўл қўйдингиз! – дея бақирди.
– Мен ўз йигитларимга ишондим, улар “топдик” деди, мен эса қўл қўйдим, – деди, у ҳам тагини ҳўллаган ёш боладай, минғирлаб.
Залда, ғалағовур кўтарилди. Ҳамма икки бир бўлиб ўтирган жойида вазиятни муҳокома қилишга тушди. Судя залдагиларни тинчлантиришга чақирарди. Аммо, унинг қўлидан жилов чиқиб бўлганди. Охирида, ғалағовур кўтарилганининг ўзи учун фойдали бўлганини тушуниб етди, шекилли, у суд эртага давом этишини эълон қилди.
Кундан-кун суд залида нотаниш одамлар кўпайиб борарди. Дастакчилар уларнинг кимликларига парво қилмас, улар шунчаки жой танқис бўлиб бораётганидан норози эди. Кўпаяётганлар ўзларининг кимликларини билдирмасликка ҳаракат қилаётган бўлсалар ҳам, мен ва атрофимдаги бир-икки ҳушёр ҳамкорларим, уларнинг кўпчиликлари махсус хизмат ходимлари эканини билиб турардик. Назаримда, ҳукумат яна бир фитнага ҳозирлик кўраётгандек эди. Уларнинг орасида ароқ ичиб келганлар ва оғзи шалоқлари ҳам кўп эди.
Бутун бузғунчиликлар бошида ҳукуматнинг ўзи турганидан кейин, бизнинг қўлимиздан нима ҳам келарди?! Ака-укаларимга ишора қилиб, иғвога учмасликка, ҳушёрликни қўлдан бой бермасликка ундаб турардим, холос.
Қилғиликни қилиб қўйиб, қочиб юрган ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимларидан бирининг судда пайдо бўлганлигини кўриб, сал таскин топдим.
Акам ва қайнатамнинг хизматлари беҳуда кетмаганди.
Кўрсатма берган мелиса ходими роса чайналди. Ҳақиқатан жанговор граната топилганини, аммо уни у топмаганини, кимдир “топилди” деганда, бориб жойида кўрганини айтди.
Мен судядан сўз сўраб, гувоҳнинг макетдан граната топилган жойни аниқ кўрсатиб беришини сўрадим.
Залда ўтирганлар уни диққат билан кузатиб турдилар.
У макетни кўриб, аввал ҳайратга тушди. Сўнгра оҳиста қадамлар билан макетнинг олдига борди. Узоқ термулиб турдида, жавоннинг чап томонидан биринчи бўлмадаги иккинчи токчани кўрсатди. Мен судядан илтимос қилиб, гувоҳ кўрсатган жойни баённомага киритишни сўрадим.
Ови бароридан келмаётган прокурорнинг ичидан куйиб жизғанак бўлаётгани бор башарасидан ёғилиб турарди. У гувоҳга ўзини қўполдан-қўпол кўрсатиб, бир неча саволлар берган бўлди. У одамларнинг кўзи учун гўё “граната топилган” жойни қайта-қайта сўраб, «жиноят»ни аниқлаштираётгандек эди. Ботинида эса, фитнанинг фош бўлаётганидан аламзада эди. У асл ҳақиқатни ҳаммадан кўра яхшироқ биларди.
Рухсат теккан гувоҳ елкасидан оғир тоғ қулаган каби залдан деярли учиб чиқиб кетди. У аслида шериклари наздида хол қўйган бўлса ҳам, шу билан иш битди қутулдим деб, ўйлаган эди.
Навбатдаги гувоҳ етиб келмагани боис танаффус эълон қилинди.
У орадан бир соат ўтиб, судянинг рўпарасида пайдо бўлди. Фақат ва фақат ҳақиқатни сўзлашга ваъда бергач, кўрсатма бера бошлади. Айтишича, гранатани у топмаган, аммо топилганда гувоҳ бўлиб турган.
Охирида, гранатанинг аллақандай яшик ичида, болаларнинг ўйинчоқ ва кийимлари орасидан чиққанини ҳам у илова қилишни унутмади.
У ўзи тўқиган афсонасини айтиб тугатар-тугатмас, судядан менга сўз беришларини сўрадим.
Шунда, прокурор орага суқилиб: – Намунча чайналасан? Граната топган бўлсанг, топдим деб, тўғрисини айт, топилган жойни кўрсат! – дея, асабий бир ҳолатда гувоҳга дағдаға қилди. Менинг муддаом ҳам ундан жавоннинг қаеридан гранатани топганлигини сўраш эди.
Гувоҳ пўписадан ўзини йўқотиб, кўзларини бақрайтирганча шалвираб қолди. Сўнг макетнинг олдига бориб, чап томондан учинчи бўлманинг биринчи токчасини кўрсатди. Кўрсатмани суд баённомага киритди.
Шунақа пайтларда, менинг икки кўзим бувиси билан ёнма-ён ўтирган қизим Мадинада бўларди. «Ётоқхонага кирган, шуми?» деган ишорамни у ярим қарашимдан дарров англайдиган бўлиб қолганди. У: “Йўқ” дея, бош чайқади.
Шомга яқин суд залида учинчи мелиса-гувоҳ пайдо бўлди. Тахминимча, роса омадим чопаётганди. Уларнинг турли вақтда судга келишлари, тил бириктиришларига монелик кўрсатарди. Албатта, бу поракандалик уларнинг ишлари сабаб эди. Ҳаммаси бир вақтда келганларида эса, уларнинг тил бириктириб олиб, туҳматни қойиллатишларига имкон туғиларди.
Йирик гавдали, қора палто кийиб, бошига шилапа қўндирган ўттиз ёшлар чапаси бир кимса зал эшигидан ичкари кириши билан қизимга боқдим. Унга кўзи тушиши билан қизимнинг ранги оқарди. Кимса аввалги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ шахдам юриб, кўтаринки кайфиятда олдинги қатордаги бўш ўриндиққа бориб ўтирди. Бироз ўтиб судя уни минбарга чақирди.
Бу пайт қизим, ич-ичидан бўзлаб, йиғлаб ўтирарди. Онам кўзёшларини рўмолчаси билан артиб, «қўрқма, қизим» дегандай, унга далда берарди.
Қизимда пайдо бўлган барча нишоналар сўнгги гувоҳнинг жавонга граната ташлаган кимса эканидан далолат бераётганидан шубҳам йўқ эди. Буни онам ҳам пайқаган эди. У оппоқ рўмолга ўралган Қуръони каримни менга имлаб, кўрсатаётган эди. Уммул китоб рўмолга ўралган бўлса ҳам, онамнинг феълидан келиб чиқиб, мен рўмолда нима борлигини дарров фаҳмлаган эдим. Онамга шошмасликни, вақти соати етгач ўзим ишора қилишимни бир амаллаб тушунтирдим.
Гувоҳ гранатани шахсан ўзи болалар кийими ва ўйинчоқлари турган жавондан топганини ва бошқаларга кўрсатганини фахр билан ўктам бир овозда тантанали равишда тан олди.
Эшитиб, онам ҳўнграб йиғлаб юборди. Менга отилаётган туҳмат тошлари унинг юрагини қора қон қилган эди. У ортиқ чидолмади. Боласини сиртлон чангалидан юлиб олаётган ярадор арслон каби ҳайқириб: – Суд болам, ижозат беринг, неварам гапирсин! – деди, юзини юваётган кўз ёшларини артаркан.
Суд раиси, гап нимадалигини англашга тиришди, англай олмади. Онамнинг юрагининг туб-тубидан отилиб чиққан ноласидан таъсирланди шекилли, у ҳам рўмолчасини чиқариб, пешанасини ва кўзларини артди.
– Сўз берамиз, албатта сўз берамиз, у ҳам рўйхатда бор! – деди сўнгра.
Сўнгра, гувоҳ қолган еридан сўзида давом этди…
«Опер»нинг ўн дақиқа олдинги шашти қолмаганди. У, тилини ари чаққан кимсадай ғўлдирар, қўллари пиянистанинг қўли сингари тинмай қалтирарди. Устига халқ кийгизиб қўйган мундирда халқнинг ўзини қопаётган кўпакнинг бу аянчли ҳолати залдаги кўпчиликнинг борҳо нафратини қўзғатди.
Хафвсизликнинг одамлар орасига сизган «лайчалари» ҳам адолат олдида мағлуб бўлаётганларидан қизариб-бўзариб, ўзларини билдириб қўяётган эдилар. Фитна уюштиришга ҳозир бу малъунбашараларнинг оёқлари қалтираб, ранги учганди.
Лиқ тўла залга ташқаридагилар ҳам тиқилиб кира бошладилар. Ҳеч кимнинг текин томошадан қуруқ қолгиси келмасди. Ичкарига кира олмаганлар, ҳатто ташқаридан деразаларга ёпишиб олдилар…
– Нимага ажина чалган жиннидек, ғўлдирайсан? Одамга ўхшаб, гапир! – дея прокурор бақириб, ўтирган ўрнидан туриб кетди. Жанговор гранатани қаердан, қай ҳолатда топдинг? Содир этилган жиноятнинг асосий гувоҳи бўла туриб ҳам, уни исботлаб беролмайсанми?!
Сўнгра, у суд раисига ўрин қолдирмай, гувоҳдан гранатанинг жавоннинг қаеридан топилганини сўради.
Гувоҳ макетни кўриши билан ўзини йўқотди. Юраман дея, депсиниб, юз тубан йиқилишига бир баҳя қолди. У жавонга яқинлашиши билан таваккал қилиб ўрта бўлмадаги биринчи тортмани кўрсатди. Сўнгра, «тўғрими» деётгандек прокурорга илтижоли термулди.
У кўзлари билан ёлвориб, прокурордан ўзини тўғри йўналтиришни сўраётган эди. Сирнинг фош бўлаётганидан жаҳли чиққан давлат қораловчиси ўзини тутолмай тутоқиб, кетди. «Овсар!» дея тишини қисиб, афтини бужмайтирди…
Ваъдасига амал қилган судя мен ёзган талабномани инобатга олиб, қизим Мадинага кўрганларини сўзлаб беришга рухсат берди.
Одам кўплигидан залда нафас олиш қийинлашиб борарди. Эркин ҳаракатланишнинг сира иложи йўқ эди. Шу боис, одамлар Мадинани қўлма-қўл узатиб, бир пасда минбарга чиқариб қўйдилар.
Гувоҳ билан қизим чамаси икки метр масофада юзма-юз турарди. Зобит қизимга нафрат сачратаётган кўзларини тикмасин, қизим унга эътибор бермади.
– Мен ҳам қасам ичайми? – деди, у сўзга лаб жуфтларкан.
Эшитиб, кутилмаганда кўнглим бузилди.
Жимжилоқдек қизалоқнинг ўзини катталардай тутиши судяга ҳам таъсир қилди.
– Гапир, қизим, нима дейсан?! – деди у. – Мен сенга, ишонаман. Уйларингиздан граната топилган кеча сен нимани кўрдинг?
Қизим, мелисага қайрилиб, боқди:
– Мен бу кимсани танийман! У ўша тунда, бизникига келганди. Кечқурун ухлаб ётганимда, ётоқхонамизга кириб, жавонга бир нима ташлади. У нарса ”тақ” этганда, жуда қўрқиб кетдим…
Шундай дея қизим шўрлик, йиғлаб юборди. Шунда, рафиқам Муқаддасхон уни овутишга тушди.
Мелиса ҳам қароқчилик қиладими, ёлғон гапирадими?! Менинг дадам, яхши одам. Бировга ёмонлик қилмайди… дея, қизим бор овози билан ҳўнграб-ҳўнграб, йиғларди.
Кўриб, мелиса типирчилашга тушди. У қизимга бир нима демоқчи бўларди, овози чиқмасди.
Зал эса, сукунатга чўпган. Дамини ичига ютган одамлар, шу тобда гўё портлаб кетадигандай асабий сиёқда зўрға ўтирардилар.
Мелиса кўп уринди, оғзидан бир сўз чиқмади.
Икки дақиқалик жимликдан сўнгра, бутун зал бир қалқиб, тушиб, кутмаганда залда соат қўнғироқ чалиб юборгандай бир вазият пайдо бўлди. Аёллар, ўтирган ерларида, гувоҳни ёзғира кетдилар. Бириси: «Ҳа, кўзинг оқиб тушсин!» деса, иккинчиси: «Ҳа-а, бировга чох қазиган қўлларинг, синсин!» дерди. Учинчиси: «Худони ғазабига учра!» дея қолган жойидан олдирарди…
Йиғлаб ўтирган онам қўққисдан ўтирган ўрнидан туриб, қўлида Қуръон минбарга қараб юрди.
– Она, бўлди, қўйинг! Кўксида зарра виждони бўлса, олган сабоғи бир умрга етарли бўлди! – дея онамни базўр ўтиртирдим.
Судя зални тинчлантириш учун тўқмоғи билан столни урарди. Ғалағовур эса, борҳо кўтарилиб борарди. Ахири, шовқин-сурон босилавермагач у гувоҳни залдан чиқариб юборишга мажбур бўлди.
Гувоҳлардан яна эксперт аёл ва туман ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғининг судга келиши кутилаётган эди. Аммо, улар келмади. Шу боис, суд мажлиси яна чўзиладиган бўлди.
Суднинг учинчи куни, шу тарзда кечди.
Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Камерага киришим билан ўзимни каравотга отдим. Кейинги икки ойда биринчи марта мириқиб, ухладим. Уйғонганимда, қушдек енгил эдим.
Биринчи гувоҳ “гранатани жавоннинг чап томонидаги биринчи бўлма, иккинчи токчасидан топилди” деб, айтди. Иккинчи гувоҳ эса, “чап томондаги учинчи бўлма биринчи токчасидаги қути ичидан топдик” деб айтди. Учинчи гувоҳ бўлса, умуман бошка жойни – жавоннинг ўрта бўлмаси биринчи токчани кўрсатди. Учта гувоҳ бир-бирига қарама-қарши кўрсатма беряпди. Қизим эса, гранатани ташлаб қўйган одамни кўрган заҳоти таниди… Назаримда, ишлар юришаётганга ўхшарди…
Қариндош-уруғлар анча-мунча егулик олиб келган экан. Қоровуллар егуликларни ичкарига олиб киришимга монелик кўрсатишмади. Чамамда, уларнинг менга бўлган муносабатлари илий бошлаган эди.
Камерадагилар билан ўтириб, овқатландик.
Уларни кўпроқ суддаги жараёнлар қизиқтирарди. Бугунги воқеаларни бошдан-оёқ ҳикоя қилдим. Эшитиб, барчаси хурсанд бўлди.
Тўртинчи кун суд йиғилиши одатдагидан кечроқ бошланди. Бу мени ташвишлантирмасдан қўймади. Назаримда, менинг масалам бу ерда ҳал бўладиганга ўхшамасди.
Ўзбекистонда суд ва прокуратуранинг мустақиллиги таъминланмаганлигини қонунлардан озроқ хабари бор одам яхши англайди. Айниқса, сиёсий мотивлар билан турли баҳоналар асосида айбланганлар иши юқорининг имо-ишораси асосида кўриларди. Шу сабаб, судянинг руҳий ҳолати унинг юз-кўзи ва ҳар бир ҳаракатидан уфуриб туради. Мана шуларни ҳисобга олиб, ҳамма вақт прокурор ва суд раисининг ўзини қандай тутишига диққат қаратар эдим. Улар танаффусдан танаффусгача бир неча марта ўзгарардилар. Танаффусдан чиққанларида юқоридан қандай топшириқ бўлганлиги уларнинг чеҳраларида акс этиб турарди. Яъни, уларнинг афт-башарасига қараб, Тошкентдаги «иқлим»ни англаш унчалик қийин эмасди. Бундан ташқари, суд раиси ва прокурор бир кунда икки марта махсус хизматларга ҳисобот беради, баробарида йўл-йўриқ олади, деб ҳам эшитган эдим.
Бугун суд раисининг ҳам, прокурорнинг ҳам авзойи бузуқ эди. Адашмасам, бу нишона юқоридан қонунга зид топшириқ бўлганини англатарди.
Эксперт аёл суд йиғилиши бошланмасдан аввал кириб, бир чеккада ўтириб олган экан. Судя ундан минбарга чиқишни сўради. Ўзбек тилини билмаслиги назарга олинадиган бўлса, у корейс миллатига мансуб эди.
Судя ундан эксперт сифатида «жанговор граната» борасидаги фикрини сўради. У хулосани ўзи ёзганлигини, аммо граната қаердан, қачон ва ким томонидан топилганлигини билмаслигини айтди.
Шунда, судя:
– Вы уверены, что та граната была боевая? Вид, у нее не была запала? (Сиз граната жанговор эканлигига ишонасизми? Ахир унинг учқун чиқарадиган қисми, запали йўқ экан-ку?) – деб қолди.
Судянинг кутилмаганда берган саволидан прокурор ақлини йўқотаёзди. У жиноят таркибида жиноят аломатлари йўқлиги маълум бўлишини хоҳламасди. Фикри ожизимча, менинг ишимнинг ҳукумат истагандек якун топишидан ҳам биринчи ўринда у манфаатдор эди. Унинг ҳукуматнинг жазо таёғи эканидан ҳеч гумоним йўқ эди. Ҳукуматнинг ғазабига учраганларнинг додини Ўзбекистонда прокурор берарди.
Тергов материаллари билан танишганимда биринчи навбатда эксперт хулосасига қаттиқ эътибор қаратган эдим. Хулосада, «топилган» гранатанинг запали – учқун чиқарадиган қисми йўқлиги ҳақида гап борарди. Тергов жараёнларида мени ҳимоя қилган Аҳад Эшонқулов «запал» деган нарса ҳақида тушунтириш бериб, унингсиз граната ҳеч қачон жанговор ҳисобланмаслигини таъкидлаганди. Шундан келиб чиқиб, запалсиз гранатанинг портламаслигини яхши билардим. Демак, ўша лаънати граната мабодо меники бўлгандаям, у учун мени жавобгарликка тортиш қонунан имконсиз эди. Терговчи ушбу ҳолатни билиб туриб ҳам, терговни тўхтатмаган эди. У тўхтатишни хоҳлаганда ҳам юқорининг истагига қарши бориб, бу ишнинг уддасидан чиқа олмасди. Бу хатога урғу берган адвокат Аҳмад Эшонқулов ҳам уч кун ўтиб, ўшанда ишни ташлаб жуфтакни ростлаган эди.
– «Я так и написала, что нет «запал»а, остальное дело следователя. Он должен был решат этот вопрос (Мен гранатанинг учқун чиқарадиган қисми йуқ, деб ёзганман. Қолгани терговчининг иши. У ҳал қилиши лозим.)» – дея эксперт судянинг саволига жавоб берди.
Шунда, экспертга саволим борлигини айтиб, судядан сўз сўрадим.
– Ваша совесть не мучает, что перед Вами судять совершенно не виновного человека? Во первых на гранате нет моих отпечатков пальца, во вторых Вы дали заключение на неопределенный предмет? Откуда я знаю тот ли предмет, которого будто «нашли» у меня дома Вы обследовали? – Вы выглядете как порядочный человек, но Вы оказывается – бессовестная! (Мутлақо айбсиз одамни суд қилишаётганидан виждонингиз қийналмайдими? Биринчидан, ўша гранатада менинг бармоқ изларим йўқ. Иккинчидан, сиз аниқланмаган бир нарсага – яроқсиз буюмга қараб хулоса ёзгансиз. Менинг уйимдан топилди, деб даъво қилинаётган нарсани айнан ўзини текширганингизни мен қаердан биламан?! Сиз кўринишидан тартибли, ҳалол бир одамга ўхшайсиз-у, аслида виждонсиз экансиз!)
Русчада билганимча, қўшиб-чатиб сўзлаганларим экспертга қаттиқ таъсир қилди.
– Мне сказали, что этот предмет какого-то разбойника, террориста. А я вижу, что Вы порядочный, грамотный человек. Поэтому я прошу суда, вернуть этот предмет на допольнительную обследованию, – деди у. (Менга бу нарсани қандайдир бир қарокчиники, террористники деб айтишганди. Кўриб, турибман, сиз тартибли, зиёли бир одам экансиз. Шу боис суддан мен бу нарсани қайта ўрганиш учун юборишларини сўрайман).
Аёлим, суҳбат мазмунини яхши англамади, шекилли.
Менга қараб:
– «Нима деди, у корейс хотин?» – деб қолди.
У табиатан жуда зийрак бўлгани учун ҳар бир нарсанинг тагига етишга тиришарди. Ҳозир ҳам билиб-билмай гапираётган бўлсада, шубҳа этишга унда ҳақи бор деб ўйлайман. Чунки, бошимизга тушган адолатсизликлар туфайли у мендан ҳам кўпроқ азият чекаётганди. Тенгсиз ва омонсиз душманга қарши курашда, у менинг икки қанотим, руҳимнинг кескир шамшири эди. Ва, баробарида у оиламизнинг нажот қалъаси, наслимиз давомининг кафолати эди.
Ҳазиллашиб: – Жиғилдони эмас, виждони бор экан! – дедим.
Эшитиб, эксперт хотиним икковимизга қараб жилмайиб қўйди. Ичимда, ўзбекчани биларкан, демак ўзбекнинг қалбини ҳам англайди, деб ўйладим.
Аммо, прокурорга экспертнинг гаплари ёқмаётганди…
Тушдан сўнгра суд залига энг охирги гувоҳ – Вобкент туман ИИБ жиноят қидирув гуруҳи сардори чақиртирилди. Бу йигитни яхши танирдим. У билан бирга ишлашга тўғри келган. Мен Вобкент туман ижроия қўмитасининг архитектура ва қурилиш бўлимида ишлаганимда, у «ижроком»нинг умумий бўлимида ишларди. Сўнгра, у мелисага ишга ўтди. Кўп ўтмади, мен ҳам «Агропром»га масъул вазифага тайинландим. Секин-аста, у ҳукуматнинг, мен халқнинг одамига айландим. Тақдир тақозоси билан бугун суд залида у билан тўқнаш келиб турибмиз. Аслида, мен уни эмас, у мени суд залига судраб келди. У энди амалдор, елкасида нишони бор. Мен эсам, қўлларимда кишан темир қафасдаги қора курсида ўтирибман…
Ўша машҳум тунда, у тинтув гуруҳига раҳбар эди. Ёзув-чизувларни ҳам масъул сифатида, унинг ўзи амалга оширганди. Кейинроқ, терговчи ҳам унинг ёзганларига асосланиб, дастлабки суриштирув ишларини олиб борди. Хуллас, ҳалигача, у бўйнимга солган сиртмоқ исканжасидаман… Унинг оиласини ҳам яқиндан танирдим. У жуда камбағал оиладан чиққан. Ўта тиришқоқ бўлса ҳам, у учун оқ-қоранинг фарқи йўқ. Кучли томоннинг манфаатини қойилмақом қилиб ҳимоя қилади…
Тинтув ўтказилган ўша тунда, у жуда жиддий эди. Ўзини мен билан ҳеч қачон учрашмаган одамдек тутди. Пешонасини тириштириб, қовоғини осиб олди. Икки лунжига тош солиб олгандек, ияги кўксига тушди…
Хуллас, энг охирги гувоҳ минбарга чиқди. У, гўё ўзини ўзича ҳукумат заҳирада мен учун асраб қўйган ўлим келтирувчи сўнгги ўқ деб ҳисоблаётганди. Ғалабасидан шубҳаси йўқлиги қиёфасидан билиниб турарди.
Менга тўнкалган нимаики номаъқулчилик бўлса, у «айблов хулосаси»да ёзилгандек қилиб, нуқта-вергулигача бир-бир айтиб ўтди. У «айблов хулосаси»ни ёд олган эди. У, на олдидаги бир даста қоғозларга кўз югуртирар, на унинг суфлиёрга эҳтиёжи бор эди. Шундан англашилдики, зиммасига юқоридан Насрулло Саййидни жиноятчига айлантириш талаби юклатилган. Унинг мени жиноятчига айлантиришни хизмат бурчи сифатида қабул қилганидан ҳам гумоним йўқ. «Тинтув ўтказ», деб амир берганларида, у ўта совуққонлик билан тинтув ўтказди. Бугун унга «ўша кундаги ўзинг режиссёрлик қилган спектални ҳаётий воқеага айлантир» дея ҳукм қилишяпди, у бу иш учун ҳам қўлидан келганини қилади. Мушфиқ бир онанинг юрак-бағри қонга тўлиши, беш полапоннинг чирқирашию, Халққа Ҳурлик ва Ватанга тараққиёт истаган отанинг зулмдан олчоқларнинг оёқлари остида чўккалаши, энди уни ортиқ қизиқтирмайди. Юқоридагиларнинг «маладес» деган бир оғиз сўзи учун у онасини сотишга ҳам тайёр!
Прокурор, ундан граната жавоннинг айнан қаеридан топилганини сўради. Прокурорнинг биринчи бўлиб гувоҳни саволга тутиши, уларнинг олдиндан тил бириктирганини билдирарди. Яъни, прокурор ортиқ таваккал қилмоқчи эмас эди.
Гувоҳ олдидаги бир даста коғозни титкилаб, граната топилган жой ҳақидаги ёзувни қидирди. Овоз чиқазмасдан кўзлари билан ўқигач, бориб, ўша жойни макетдан кўрсатди…
Судядан сўз беришни сўрадим. Рухсат теккач, гувоҳдан: «Кўрсатмаларингизнинг ростлигига ўзингиз ишонасизми?» деб сўрадим.
У бир муддат ўйланиб, жим бўлиб қолди. Сўнгра: «Ҳа!» деб жавоб берди. Аммо, кўзимга тик қарамади. Мен фурсатни бой бермай ўтирганлар орасидан кўзларим билан онамни изладим. Ҳали мен онамни топмасдан, мени кузатиб турган онам Қуръонни бағрига босиб, минбарга чиқа бошлади. Онамнинг вожаҳатини кўрган гувоҳ: «Ўғлингиз нима қиларди сиёсатга аралашиб, биз ҳам хизматдаги одаммиз. Буюрдилар, бажардик!» деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Ҳаммаси, мен истагандек бўлди. Гувоҳнинг сўзсиз таслим бўлганини кўрган онам, ортига қайтиб, жойига бориб ўтирди.
Нималар содир бўлаётганини илғамай қолган прокурор билан судянинг эси оғай деди.
Залда эса, аллақачон ғалағовур бошланган эди…
Судя рўйхатга киритилган барча гувоҳлардан кўрсатмалар олинганини айтиб, охирги сўз менга берилажагини эълон қилди.
«Охирги сўз» тайёр эди. Уни жуда қисқа ва лўнда қилиб ёзган эдим.
Судяга қўлимдаги кишанни ечишларини, қўлларимда кишан билан охирги сўзимни айтишни истамаслигимни айтдим. Судя рози бўлди. Қўлларимдан кишанни ечдилар. Икки соқчи келиб, икки ёнимда турди…

Сўнги сўз

Шу мушфиқ Ватанда халқ билан эт ва тирноқ каби ўсиб, улғайдим. Миллатимнинг нурли шууридан ва олмос руҳидан маънан баҳра олиб, вояга етдим. Ва, бир кун ақлимни танидим. Ақлимни танигач, Ватанимнинг аҳволи жуда абгор экани билиниб қолди. Халқимнинг ўз тупроғида, ўз уйида қул мисоли қора меҳнатга жалб этилгани мени ҳайратга солди.
Унинг қадоқ қўлларига кўринмас кишанлар урилган, кўзлари кўринмас дурра билан боғланган эди. У тутқун ва ҳақ-ҳуқуқидан мосуво қилинган бир бечора эди. Аммо қуллигидан, ҳуқуқсизлигидан у жуда ҳам мамнун эди. Чунки, Ҳурлик нима, тараққиёт ва ривожланиш нима у барчасини унутган, қадимда ота-боболар яратган буюк тамаддунлардан узулганига асрлар кечганди. Унинг бахтини тараннум этгувчи ширин чўпчаклар қоғозларда эди.
Имкон туғилгач, ёлғонларнинг асири бўлган Ватанни озод кўришни истаганларнинг сафларига ўзимни урдим. Юртни, Мустақиллик ва демократия золимлар зулмидан қутқаради, деганлар билан жипслашдим. Мен бу йўлни хато йўл, деб ҳисобламайман. Миллатни ва давлатни тараққиёт ва ривожланишга олиб борадиган сиёсий платформамдан ўлмасам, ҳеч қачон воз кечмайман.
Миллатимнинг ҳақиқий Ҳурликни қўлга киритишини истайман. Тупроқларимни Озод ва Обод кўриш – виждоним амри, қалбим даъвати.
Бу иш мухолифлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий ҳалол кураш билан амалга ошади. Қонун шоҳнинг ҳам гадонинг ҳам раҳномосига айланган кун биз Озод ва Обод бўламиз!
Сиёсатга лўттибозлик аралашса, мамлакат инқирозга учрайди, жоҳиллик ва худбинлик пайдо қилган қоронғуликдан миллат ҳеч қачон қочиб қутулмайди.
Барчасини, тинчлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширадиган фурсат етди. Бу дамлар бир меҳмон – бу кун келди, эртага йўлида давом этади. Вақтида отни қамчиламасак, эртага афсус қиламиз, ҳеч қандай фойдаси бўлмайди.
Аммо, бу йўлда қурбонларсиз ғалабани таъминлашнинг имкони йўққа ўхшаяпди…
Ҳаракатларимда Конститусияга зид бирор бир ҳолат йўқ. Менга қўзғатилган жиноят ишининг сохта ва ясамалигини эл-олам кўриб турибди. Шундай экан, нима учун мени таъқиб қилаётганликларига тушунмайман.
Уйимда ноқонуний тинтув уюштирилиб, «жанговор граната топилди», дея туҳмат қилинаётгани, бу нафақат менга, бутун Ўзбекистон қонунларига, демократияга нисбатан ҳурматсизликдир, ғафлат уйқусидан уйғонаётган халққа хиёнатдир!
Шу юртнинг тенг ҳуқуқли фуқароси сифатида, дарҳол қамоқдан озод этилишимни ва Ўзбекистон қонунларини оёқости қилганлар устидан жиноят иши очишларингизни талаб қиламан!

Охирги сўзни ўқиб тугатдим. Зал бир муддат сукунат ичида қолди. Кимдир йиғлади, кимдир хомуш тортди. Хўрлигим келиб, кутмаганда юрагим санчди. Кўзларим олди қоронғулашиб, ҳушумни йўқота бошладим. Йиқилиб тушмаслик учун дарров курсига ўтирдим. Соқчилар қўлимга кишан солди. Кимдир кишанланган қўлимдаги қоғозни тортиб олиб, судяга узатди.
Судянинг:
– Биз сиздан бошқача нутқ кутгандик! – деганинини туш деб ўйладим.
Аммо, қилмаган жиноятим учун мен ҳеч кимдан кечириб сўрамайман, деган хаёл бошимда айланаётган бўлса ҳам, тилимга келтира олмадим. Бутун вужудимдан мадор қочганди. Назаримда, еру осмон бошимда чарх уриб айланаётгандек эди…
Ўзимга келганимда, судя ўрнида йўқ, прокурор ким биландир телефонда гаплашаётган эди. Сўнгра, у ҳам залдан чиқиб кетди. Бутун аламлар чашма кўзидаги оғир тош каби бўғзимда қолди…
Суд ҳайъатининг маслаҳати жуда ҳам чўзилиб кетди.
Устунлик тўла мен томонда бўлсада, кўнглим негадир безовта эди. Асаблари қақшаган одамлар ҳам жуда толиққан эдилар.
Ахири, мени тўрт кун аввал Жўқи билан ўтирган «ўра»га олиб бориб қамадилар.
Соқчилар билан ўтган кунлар мобайнида ўртамизда илиқ муносабатлар пайдо бўлганди. Жараёнларни ўз кўзлари билан кузатиб, уларнинг фикрлари ўзгара бошлади. Фурсатдан фойдаланиб, улардан қайнотамни чақириб беришларини илтимос қилдим. Мукофотига «яримта» ваъда қилишни ҳам унутмадим.
– Амаки, Судя билан прокурорнинг оёғи куйган товуқдек типирчилашига қараганда, нимадир бўлаяпти. Агар мени эртага турмадан олиб келишмаса, билинг, иш чатоқ. Улар, ҳар ҳолда суд қарорини баён этиш учун одамлар тарқаб кетишларини кутадилар. Улар тарқамайдиган бўлса, “ишни қайта терговга юборамиз” деб, уларни чалғитишлари ҳам мумкин. Юқори улардан мени оғир жазога тортишни талаб қилган бўлиши керак. Натижалар бунга монелик қилади. Ҳар ҳолда, тахминича шунга уларнинг боши қотган!
– Ҳукм ўқилмагунича, биз ҳеч қаёққа кетмаймиз! – деди қайнатам, терлаб-пишиб. – Ноҳақлик бўлса, ёппасига адолат истаб ҳокимиятга борамиз!
– Эҳтимол.., сиз ҳакдирсиз! – дедим, у кишига. Чунки, бошқа айтадиган гапим йўқ эди. Бу ишнинг сўнги нима бўлишини ўйлаб, бошим ачиб кетаётганди.
Кун кеч бўлиб қолганди.
Ҳукм ўқилмаса, одамларнинг суд залини ташлаб кетмасликлари ҳам тобора аниқ бўлиб борарди. Бунга, уларнинг ҳам ақллари етди шекилли, судянинг келаётганини эълон қилишди.
У тажанг ва асабий бир ҳолатда суд залига кириб келди.
– Ўртоқлар, судга бир муддат танаффус эълон қилинади! – деди, судя жойига ўтирар-ўтирмас. – Кейинги жараёнлар қачон давом этади, хабарини берамиз!
Эшитиб, зал жунбушга келди. Одамлар, ҳақли талаблари билан тўс-тўполон кўтара бошладилар.
– Ортиқ, нимаси қолди? Тугатинг, қўйингда, ҳаммаси аниқ-ку! – деди кимдир.
– Сиз ҳам уларга шерик бўлмоқчимисиз! Адолат борми, ўзи? – дея қичқирди, бошқа биров.
Кимдир, «Ишнинг бошида ўзлари турибди. Шуларнинг ўзларини қамамаса, бу иш ёпилмайди!» дея бақирди… Хуллас, ҳар ким хаёлига келган сўзни аямай гапира бошлади.
Уларга ҳам шу керак эди. «Жанжал бошланяпди», деган баҳона билан дарҳол мени суд залидан олиб чиқиб кетдилар.
«Тошбақа»га чиқаётганимда, қулоқларимга одамларнинг: «Ҳокимиятга борамиз, адолатнинг қарор топиши учун намойиш қиламиз!» – деган қийқириқлари эшитилди.
Эшик ёпилгач, машина «Отбозор» томон елдай учиб кетди!
Мен кетгач, нималар содир бўлганини эртаси кун эшитдим.
Судянинг қароридан норози халқ катта кўчани тўлдириб, Бухоро вилоят ҳокимлиги томон юра бошлаган. Йўл ярмида, суд раиси билан прокурор бир неча фуқаролик кийимидаги кимсалар ва мелисалар ҳамроҳлигида намойишчиларнинг олдини тўсганлар. Ва, эртага судни давом эттиришга ваъда берганлар. Агар судя билан прокурор ваъдасида турмаса, одамлар эртага албатта намойишни давом эттиришларини, таъкидлаб, бир муддатдан сўнгра тарқаб кетганлар.

Суднинг охирги куни кўп чўзилмади. Суд мажлиси, эрталаб ўнда ўз ишини бошлади.
Биринчи бўлиб, давлат қораловчиси гапирди. Устунлик тўлиғича мен томонда бўлса ҳам, у барибир мени «айбдор» деб топди ва уч йил қамоқ жазоси сўради.
Сўнгра, суд ҳайъати аъзолари маслаҳатга кирди. Улар узоқ «маслаҳатлашдилар». Аслида, улар маслаҳатлашмаётган эдилар. Тошкентдан кўрсатма кутаётган эдилар.
Ниҳоят судя ҳукмни эълон қилди!

Суд ҳукмидан парча

…Насрулло Сайидов… «айбдор» деб топилсин ва унга нисбатан 1 йиллик қамоқ жазоси белгилансин. Унинг биринчи марта жиноятга қўл урганлиги ва кўплаб фуқаролар ва сайловчилари томонидан қўллаб-қувватланганлиги инобатга олиниб…, ЖКнинг… моддаларига асосан жазоси енгиллаштирилиб, мажбурий меҳнатга жалб қилиш шаклидаги шартли жазога алмаштирилсин. Махсус комендатура қошидаги жазони ўташ муассасасида белгиланган муддатини ўтасин ва… суд залидан озод қилинсин…

Хотима

Менинг бошимга иш тушган у йилларда, диктатура энди бош кўтариб келаётган эди. Мен, унинг чангалидан осон қутулдим. Судлов мен ва мен кабиларнинг ишларидан тажриба орттирди. Биздан кейинги туҳматга учраган мухолифларга ўзини ҳимоя қилиш учун ҳеч қанақа имконият қолдирилмади. Менинг ишим ҳам сал кейин кўрилганда эди, узоқ муддатга қамоқхоналарда қолиб кетишим мумкин эди. Балки, ҳозир тирик бўлмаган бўлардим.
Қонунлар мўътадил ишлайдиган дунё мамлакатларида инсон ўз айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Гумон қилаётган томон айбни исботлаши керак.
Бизда, айбдор саналаётган томонга ҳеч қурса айбсизлигини исботлашга имкон яратиб бериш лозим. Диктатура ҳукмбардорлик қилаётган бир юртда, шунинг ўзи ҳам катта иш. Бу минглаган айбсиз айбдорларнинг жазодан қутулиб қолишига имкон беради.
Ҳар қалай, бизнинг кунлардаги судлов билан солиштирадиган бўлсам, менга омад кулиб боққан деб ўйлайман. Каримов бошқаруви у кунларда бу қадар йиртқичлашмаган эди. Хавфсизлик ташкилотлари ходимлари орасида ёрдам қўлини чўзадиган одамларни топса бўларди.
Кейинроқ эшитишимча, бизга мелиса-гувоҳларни судга тортишга ёрдам берган инсонни ҳам ўша кунларда ишдан четлаштиришган. Бу дегани, хавфсизлик ташкилотлари қадамба-қадам зулм машинасига айлантирилаётган эди. Ўзбекистонда жорий ҳукумат томонидан пухта ўйланган, аниқ режа асосида иш олиб боришга мослаштирилган диктатура бошланган эди…
Бу хотираларни ёзмасам, ўзимга ҳам миллатимга ҳам хиёнат қилган бўлардим. Келгуси авлодлар бизнинг кунлардаги қонунсизликни ва инсон қадр-қимматининг бир чақага арзимаслигини менинг тимсолимда тасаввур қилолмасди.
Икки-уч ой тергов изоляторида ўтириш ёки бир йил комендатура соқчилари назоратида қурилиш майдончасида ҳаммоллик қилиш унчалик ҳам азоб эмас. Ўзбекистонда ўн беш-ўн олти йилдан ошиқ қилмаган жинояти учун тергов изоляторларида ётиб чиққанлар бор. Кимлар эса, ҳалигача ҳам қилган айбини билмай қамалиб ётибди.
Мен судлов жараёнларидаги ноҳақсизликлар мисолида, ўзбек жамиятининг маънан тубсиз бир жарликка қулаб бораётганини очиб беришга ҳаракат қилдим. Бунга қанчалик эришдим, билмайман.
Бузуқ бир тузум касофатидан ота-боболар тиклаган маънавият устунларига билиб-билмай болта уряпмиз. Одоб ва ахлоқсизлик туфайли, маънавиятсизлик – чирмовуқдай илдиз отиб боряпди. Адолат қувғунга учраб, зулм қувватга киряпди.
Каримовнинг «Юксак маънавият-енгилмас куч» деган китоби ҳақида эшитганларимнинг чўпчаклигини бошқалар ҳам яхши билади. Мамлакатни чўктирган, юз минглаган одамларнинг умрига зомин бўлган бир кимсанинг маънавият ҳақида ёзишининг ўзи, маънавиятсизликдир!

Канада 2008 йил, май-июнь.

Изоҳлар:

ПМК – Передвижна́я механизи́рованная коло́нна (рус), кўчма механизациялашган колонна (ўзб), қурилиш ташкилоти.
СНБ – Служба национальной безорасности (рус), МХХ –миллий хавфсизлик хизмати (ўзб), ташкилот. Ушбу ташкилотда ишлайдиган ходимларни халқ умумлаштириб «СНБ» дейди.
Мелиса – милиция (рус), миршаб (ўзб), ички ишларда ишлайдиган ходимлар.

Advertisements

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s