Насрулло Саййид: Разилликнинг адоғи борми?

Мен туғилиб ўсган ва умримнинг 50 йили ўтган Бухоронинг Вобкентида, куч ишлатар хизматларининг “диққат қидирув” тахталарида,18 йилдан буён менинг суратларим доим осиғлиқ туради. Бу суратлар вақти вақти билан янгиланиб турилади. Қўйида ҳозирда, яъни 2024 йилнинг март ойида осиғлиқ турган суратимни ўқувчиларимга ҳавола қиляпман. Бу сурат 2024 йилнинг бошида Вобкент шаҳрининг “Қурувчи” маҳалласи биносининг кириш жойида, маҳалла миршаблари томонидан осиб қўйилган. Мақсадлари: мени таниган ва билган юртдошларимда менга нисбатан нафрат ва қўрқув ҳисси уйғотишдир…

Ўзбекистондан чиқиб кетган (2005 йил охири) кунимдан бери мен Республикадаги барча нуфузли ташкилотлар (прокуратура, ДХХ, ИИ вазирлиги, президент портали)га мурожаатлар, телеграммалар жўнатиб, ўз яшаш манзилим ва телефон рақамларимни очиқлаб, Ватанга қайтишга изн сўраб келдим. Мурожаатларга олган расмий жавобларим эса бир даста. Аммо олинган жавоблар ҳаммаси бир биридан мужмал…

Охири 2019 йилнинг бошида эски Ўзбекистон паспортимнинг муддатлари тугаб ва янги паспорт олининг иложи бўлмаганлиги туфайли Канада фуқаролигини олдим ва Ўзбекистонга қараб, таваккал қилиб учдим. Айбсизлигимни билганим учун тўғри Тошкент аэропортига бордим.

Аммо менинг суратларимни “қидирув доскаси”га осиб қўйган Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари мени ўз Ватанимга киртишмади. Бу мантиқсизликдан ҳайратга тушиб яна Канадага қайтиб келдим. Тўғрироғи, бу ҳаракатдан ўзимга нисбатан бўлган сиёсий қувғин, сиёсий таъқиблар ҳали тугаманлигини тушиндим.

Собиқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, “Эрк” демократик партияси Бухоро вилояти раҳбари: Насрулло Сайидов.