Насрулло Саййидни Ўзбекистонга киритилмаганлигига МУНОСАБАТ

 

12806070_10208390916986943_3006138177019134904_n

Канадада яшайдиган ватандошимиз, Насрулло Саййид акамиз Ўзбекистонга киритилмабди. Насрулло ака Тошкент аэропортида ушлаб турилган, кўп вақт сўроқ қилинган, телефони олиб қўйилган, кейин эса, яқинлари билан кўришиш-сўрашиш имконияти берилмасдан, Туркияга мажбуран учириб юборилган.
.
Мен Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг мантиғини тушунишга қийналаман. Ички ишлар вазирлиги, Давлат Хавфсизлик Хизмати бошқарувида кўп ўзгаришлар бўлди. Лекин, уларни тафаккури, Ўзбекистон давлатчилиги ва уни стратегик репутацияси борасида тасаввурлари етарли даражада ўзгармаган, деган фикрдаман.
.
1. Нима учун куч ишлатар тизимлар баъзи ватандошларимизни Ўзбекистонга киришига қарши эмас, баъзиларини аэропортдан депорт қилади? Ҳалигача қайси критерия асосида шундай қилишини тушунмаяпман. Насрулло ака давлатчилик учун шунчалик хавфлимиди? У киши Ўзбекистонга киритилса, давлатни чайқалишига, ижтимоий ва сиёсий зўриқишларга сабабчи бўлармиди? Ёши улуғ, пенсионер акамиз хорижда ҳеч кимга зарари тегмаганда, ҳеч қачон Ўзбекистонга зарарли чақириқлар қилмаганида, у кишини киритилмасликни сабаби нима?
2. Насрулло акани киритиб, давлат ўзига бўлган ишончни кўрсатиши, ислоҳотлар ва ўзгаришларни намойиш қилиши мумкин эди. Энди, у кишини Ўзбекистонга киритмасдан, дунё ОАВларида Ўзбекистон давлатчилиги ва янги ҳокимиятга шубҳаларни кучайтирдику. Наҳотки, шу оддий ҳолатни куч ишлатар тизимлари тушунмайдими?
.
3. Табиий, куч ишлатар тизимлари, ҳар доим ўзлари қилаётган ишларни “чуқур ўйланган”, “давлат хавфсизлиги борасида хассос маълумотлар” асосида шундай қарор қабул қилганлигини раҳбариятга айтишлари тайин. Лекин, очиқ-ойдин кўриниб турган нарса шуки, куч ишлатар тизимидаги кадрлар Ўзбекистон янги бошқарув моделига ўтаётганини чуқур англашга улгурмаяпди. Улар учун эски инстинктлар, эски кўрсатмалар ва эски зеҳният устунлик қилаяпди. Насрулло акани Ўзбекистонга киритмай, куч ишлатар тизимлари жиддий хато қилди. Бу каби хатолар Ўзбекистон янги ҳокимиятига жиддий шубҳаларни шакллантиради, давлат ичкарисида ва ташқарисида давлатга қарши кайфиятларни, мухолиф кайфиятларни парваришлайди.
.
4. Ҳар қандай давлатнинг, ҳукуматнинг, сиёсий тизимнинг глобал репутацияси, аввало, ватандошлар орасида шаклланади, кейин ташқи дунёга кучиб боради. Насрулло Саййид акани Ўзбекистонга кириши, яшаши, яқинлари билан кўришиши – фундаментал ҳақ-ҳуқуқ, бу ҳуқуқдан маҳрум қилган куч ишлатар органлари, кичик хато эмас, катта хато қилди. Лекин бу каби хатоларни таъсири тезда сезилмайди. Имконият борида, бу каби хатоларни олди олиниши, ва вазият қурбонидан узр сўралиши, уни ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши мақсадга мувофиқ бўлиб қолаверади. Ўзбекистонни репутацияси тикланмаслигидан манфаатдор бўлган кучлар ва давлатлар талайгина – бу каби хатолар, ўша кучлар ва давлатларга совға ҳисобланади.

Kamoliddin Rabbimov

Leave a comment