Миллат қайғуси (китоб)

MQ muqova

Куйган юрак фарёди

Насрулло Саййид ҳур фикрли инсон сифатида Ўзбекистонда танилган шахслардан бири бўлса ҳам, унинг моҳир қалам соҳиби эканлиги жуда озчиликка маълум.
Унинг “Шубҳали одамлар” китобини ўқиб, руҳимда кутилмаган жараёнлар юз берган эди. “Миллат қайғуси” китобини ўқигач эса, руҳимда тўфонлар турди. Китобдан Ўзбекистонда кўпчиликка маълум бўлмаган муаммолар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини англадим. Шууримиздаги қусурларни ва уларнинг бартараф этиш чораларини изламас эканмиз, келажак учун жуда катта муаммоларни мерос қилиб қолдиришимиз мумкинлигини ўйлаб, ичимдан оҳ урдим.

Китобдан тўқиб чиқарилган нарсани тополмайсиз. Унда, аксар бошқа ўзбек ёзувчи-журналистлари каби жимжимадорлик ва ортиқча гап-сўзларга ўрин йўқ. Ўзбекистондаги сиёсат, ижтимоий ва иқтисодий мавзулардаги фикр-мулоҳазалар реал ҳаётда юз бериб турган воқеалар асносида далил-исботларга таянади. Зеҳниятимизга хос бўлган мантиқсизлик у учун ёт, кўпиртириш ва ҳавойи усулларга қақшатқич зарба берилган. Чунки, муаллиф бугунги кун билан яшамайди, унинг кўз олдида биз учун урфга айланган “битта ўзим бўларчилик” эмас, Ватан ва миллат келажаги – “Миллат қайғуси” бор салобати – яхши-ёмон жиҳати билан намоён бўлади. У тақдирини туғилиб ўсган муқаддас тупроғига, вояга етказган миллати тақдирига боғлаган. Тупроғининг Ободлиги – унинг Ободлиги, миллати рўшнолик кўрса, унинг авлод-аждодлари Озод ва Обод – тараққий этган бир диёрда яшайдилар. Миллат рўшнолик кўрмас экан, у авлодларининг ҳеч қачон рисоладагидай тенглар ичра тенг яшай олмаслигини яхши билади.

Хуллас, у халқ кўзидан узоқ йиллар яшириб келинган муаммолар илдизини очиб, Ўзбекистонни ичдан емириб бораётган кўринмас яралардаги йирингларни тозалашга чақиради. Бу бедодликларга халқаро мезонларда дунё афкор оммаси тажрибаларидан келиб чиқиб ечим топа олмасак, кундалик муаммолардан бошимиз чиқмасдан бир халқ сифатида кучли бир давлатни ўртага келтира олмаслигимизни, қадим, ҳам шаклланиб бораётган навқирон бир миллат сифатида асрлар бўйи ота-боболар эришган умумжаҳон миқёсидаги ютуқларимизни қўлдан бой беришимиз муқаррарлигини башорат қилади.
Аслида, муаммолар пайдо бўлиши ҳукуматдагилар ва халқ ўртасидаги манфаатларнинг бир-бирига мутаносиб тушмаслигидан келиб чиқиши ҳам унинг назаридан қочмаган. Халқ ва мамлакат учун зарар келтираётган ишлар ҳукуматдагилар учун фойда кони бўлаётгани унинг иддаоларида ўз аксини топган.

Муаллиф ер юзидаги ҳалол инсонларнинг барчасини бирдек севади, инсониятга оид бўлган илм-фан ютуқлари ўзини таниган ҳар бир инсонга тегишли бўлгани каби, у ўзига ҳам тегишли эканлигидан фахрланади. Дунё халқлари қабул қилган ҳар қандай ютуқлардан Ўзбекистонда тезлик билан фойдаланишни, ўзлаштирилган технологияларнинг ўзбек халқига енгилликлар олиб келишини истайди. Оғири енгил бўлган миллатнинг ўзлигини англашини, у биргина қорин тўйдириш ғамида бўла олмаслигини айтади.

У шуурида турк дунёсини ер юзидаги шу улкан оиланинг бир бўлаги деб шакллантирган. Шунинг учун дунёга тараққий этган турк давлатларидаги имкониятлардан фойдаланиб, тез ва нисбатан осон чиқиш мумкин деб ҳисоблайди. Тил, дин ва феъл-атвордаги ўхшашлик ҳаракатларга у қадар монелик кўрсата олмаслигини таъкидлайди. Шу сабабдан ҳам у турк дунёсидаги қадимдаги ва бугунги кашфиётлардан бирдек фахрланади. Уларнинг қаҳрамонларини мароқ билан қаламга олиб, улар ҳақида ҳикоя қилишни севади.

Мен китобдаги бир-биридан ғаройиб ҳикоя ва мақолалардан атай иқтибос келтирмадим, алоҳида тўхталмадим. Зотан, бу ўқувчининг зеҳниятига нуқсон етказади, деб ўйладим. Нима деётганимни китобни ўқиган одам яхши англайди.
Бу китоб чиндан ҳам бир мўъжиза!

Ўқиб одамнинг бир юраги ачишса, бир хўрлиги келади, бир юраги ғурурларга тўлса, бир хурсандлигини ичига сиғдиролмасдан хахолаб, ўзининг устидан ўзи кулади.
Муаллиф нафақат инсонларнинг бир-бирларига, ҳар бир инсоннинг ўз-ўзига давомли танқидий қарашда бўлиши шартлиги хусусида фикр юритади. Танқид мукаммалик сари қўйилган бир қадам эканини урғулайди.

Бу китоб хусусида соатлаб гапириш мумкин. Аммо халқимизда, “Минг эшитгандан бир кўрган яхши” деган ҳикмат бор.

Нотаниш меванинг тотини еб кўрган оғиздан эшитгандан кўра, еб кўриб билганга нима етсин…

Бош муҳаррир

 

Китоб тўлиқ ҳолда мана бу ерда (линкни устига босинг):

MILLAT QAYG’USI

Leave a comment