ЭЛИМ

unnamed

 

Қачон ўз қўшиғинг айтасан, элим,
Қачон ўз аслингга қайтасан, элим?

Ўзинг Бухорийни туғасан, бироқ,
Умрининг сўнгида қиласан “талоқ”.

Яссавийни туғиб ёвнинг қасдида,
Яшашга бермайсан ернинг устида.

Куброни туғасан ҳолин билмакка –
Қарилик ҳолида шаҳид бўлмакка…

Ҳиндлар Бобурингни дуолар қилар,
Мирзо шоҳ кўксини айрилиқ тилар…

Давога кўмса-да бутун дунёни,
Фарқи йўқ, силтайсан ибни Синони.

Буюк Берунийни боққан ўзингсан
Ва мўъжаз асарин ёққан ўзингсан.

Термизийни эслаб йиғлайди араб,
“Йўқол юртдан”, дейсан сен унга қараб.

Ёлғиз Машрабингни ғамга тўлдириб,
Ўкириб йиғлайсан ўзинг ўлдириб.

Қодирий куйлайди ўтган кунингни,
Ўлса чиқармайсан аммо унингни.

Сен дея тушади Чўлпон йўлига,
Сибирь деб тутасан чипта қўлига.

Майли-ку, уларни оқлай олмайсан,
Гўдак Усмонни ҳам сақлай олмайсан…

Бир боланг йиғлайди Фурқатман дея,
Сен учун бу ҳолат оддий воқеа!

Соғуний қанчалар чирмашса сенга,
Уни итарасан шунчалар Чинга.

Тарихингга сиғмас даҳоларинг бор,
Ажаб, сенинг фақат жафоларинг бор.

Аввалда ёмғиру, кейин селгинам,
Ғалат одатларинг бордир, элгинам.

Бу бобда андоза олма тарихдан,
Шўр сувлар ичмагин тахир ариқдан.

Янги Бобурларинг сафи ортмасин,
Ўзга диёрларнинг роҳи тортмасин,

Элим, қучоғингда кўзга дунё тор –
Янги Машрабларга илинмасин дор.

Янги Усмонлар зор туғилмасинлар,
Ўттизга кирмасдан бўғилмасинлар.

Янги Қодирийлар келгайлар албат,
Локин келмасин ҳеч уларга навбат.

Ёшлиги ардоқда ўтса-да сиртдан,
Янги Бухорийлар безмасин юртдан.

Элим, бундан буён ўзни тияқол,
Қадрига етмасанг, туғмай қўяқол!

 

Хайрулла Хамидов

Leave a comment