Девона

f2

 

Мени 1982 йилда Вобкент туман ижроия қўмитаси архитектура ва қурилиш бўлимига ёш мутахассис сифатида ишга қабул қилишди. Ўшанда, биринчи марта «партия хўжалик активи», яъни райкомнинг кенгайтирилган йиғилишида қатнашишимга тўғри келди. Парткомнинг биринчи котиби Ином Наимов эди.

Туманда биринчи котибнинг, хон, кўланкаси майдонлигини ҳамма билади…
Бир кун райкомнинг катта мажлислар залида 450 – 500 киши иштирокида мажлис ўтказиладиган бўлди. Соат 12га белгиланган мажлис 12 яримда ҳам бошланмади. Шунга қарамай, тумонат одам йиғилган залда пашша пар урса билинарди. Ҳамма жим, бошини эгиб кимдир блакнот титкилайди, кимдир кўзлари жовдираб эшикка «райком келмаяптимикин» дегандек қараб-қараб қўяди.

Шунча одамни у нима учун куттиради, дея сўраб-суруштирадиган бир ботир йўқ.
Бир пайт, тарақ-туруқ бошланди. Ҳамма юрак ҳовучлаб эшикка боқди.
Залдагилар райком келяпди, деб ўйлаган эдилар…

Мажлиснинг бошланиши бир машаққат бўлса, мажлисда сўкинч ва ҳақорат эшитиб ўтириш минг бир машаққат эди. Шунинг учун «тиқ» этган товушдан ҳар сафар ўтирганларнинг қулоқлари динг бўларди.

Хуллас, эшикни тарақлатиб очиб залга уриб кирган кимса биринчи котиб эмас, жулдур кийимдаги бир девона эди. Ёз фаслининг айни чилласи бўлганига қарамай бошида телпак, одми урниққан кастум-шимини кир босгани шундоқ кўзга ташланарди. Мен билан ёнма-ён ўтирган кимсанинг унга кўзи тушиши билан: «Э, Қосим девона-ку!» – деди. Мен у вақтлар ҳали Қосим девонани танимасдим.

Девонани кўриб, ҳамма ҳайрон. Райкомнинг югурдаклари, типирчилаб қолдилар.
У нуқул: «Қани, қани, қани… автобус, автобус…» деб, қичқирарди.

Югурдакларнинг унга ташланганини кўрган туман мелисаси бошлиғи, девонанинг қўлларини қайириб, уни залдан чиқариб ҳайдамоқчи бўлди. Девона эса: «Справкам, справкам… бор, бор» дея унга кескин қаршилик кўрсатди. Мелиса бошлиғи бир неча югурдак ҳамроҳлигида ҳам уни залдан чиқаришнинг уддасидан чиқолмади. Девона уларнинг торт-тортларига қарамасдан: «Қани, қани… автобус, автобус» дея бақиришда давом этарди. Залдагилар нималар содир бўлаётганини англолмай, лолу ҳайрон эдилар.

Бир пайт оғзи-бурнининг мойини рўмолчаси билан артаётган райком эшик олдида пайдо бўлди. Унинг еётган овқатини чала ташлаб, шоша-пиша келаётгани шундоқ кўриниб турарди. У зал тўла одамларни куттириб, 20 – 30 қадам наридаги хонада бир-икки меҳмони билан бемалол ичиб-еб «базму жамшид» қилаётган эди.

У эшик олдидаги Қосим девонани кўриб юмшоқ тортди: «Ҳа, нима гап Қосим?» деди, типирчилаб. Девона: «Қани, қани… автобус, автобус» дея эски дийдиёсини бошлади. Райком аланглаб, кўз югуртиркан: «Қани транспорт бўлими, қани автобаза?» дея, бақира кетди. Шу ондаёқ, уч-тўрттаси одамлар орасидан райкомнинг олдига отилиб чиқди. Партком бирининг орқасига қантариб тепиб, болохонадор қилиб сўкди: «Ҳе, к…вачча» деди. Бор, ҳамманг! Бёш дақиқада Қосимнинг ишини ҳал қилиб келиб, менга «доложит» қиласанлар!» Қосим девона залдагиларга қараб, бир тиржайдида, шошмасдан оғзига бир отим нос ташлаб, уларнинг орқасидан чиқди.

Мажлис ҳар доимгидек кечиқиб бошланди. Парткомнинг бўкиб овқат егани ҳолатидан кўриниб турарди. У минбарда терлаб-пишиб, пишиллаб, базўр гапирарди. Залда, ҳалиям сукунат ҳукмрон. Кечиқиб, гапга қолмаслик учун бир-икки соат эрта келган йиғилганларнинг кўпчилигининг қорни танбур чала бошлаган эди. Райкомни кўриб, унга ҳавас қиладиганларнинг аксарининг эса иштаҳаси карнай эди.

Бир пайт, транспорт бўлими бошлиғи ҳансираб келиб парткомга «доложит» қилди: «Автовокзалда автобус йўқлигидан одамлар тўпланиб қолган экан. Шунга…, Қосим девона…» «Бўлди, қил!» деди райком унга «Девоналар билан ўйнашманглар, охири яхши бўлмайди. Бор, жойингга ўтир!»

Шу-шу Қосим девонага меҳрим тушиб қолди. Қайда кўрсам, сўрашиб, қўлига ул-бул туттириб кетадиган бўлдим. Айниқса, оддий кишилар унинг иззат-ҳурматини жойига қўйсалар, ўз-ўзларидан мамнун бўлардилар. Кимдир, унга бир бурда нон, кимдир бир сих кабоб, кимдир уч-тўрт чақа садақа қиларди. У кўпини истамасди. Хуллас, халқ ўзининг девонасини ҳеч замон қуруқ қўймасди.

Қосим девонага ўхшаган девоналар дунёнинг ҳар ерида топилади. Улар адолатсиз ва ҳақсизликни жуда тез илғайдилар. Ҳеч кимдан қўрқмайдилар, таъма қилмайдилар. Ичларидаги гапни ҳар ерда баралла айта оладилар. Уларда нафақат «жинни» деган справкалари, яхши-ёмоннинг фарқига борадиган нозик қалблари ва самимятлари ҳам бор. Улар бировни суйсалар, чин дилдан суядилар. Қарғасалар ҳам чин юракдан қарғайдилар. Уларнинг қарғиши, милтиқни ўқидан ҳам ёмон. Улар отган «ўқ» мўлжалга аниқ тегади. Шу учун замонанинг жалодлари бўлмиш прокурорлар, судялар ва милисалар ҳам улар бор жойдан айланиб ўтадилар.

Мамлакатдаги иқтисодий инкироз девоналар ҳаётига ҳам анча салбий таъсир қила бошлади. Қашшоқликдан кўзоч бўлиб бораётган халқ, ўзидан ортмайдиган бўлди. Гадойлар, тиламчилар ва товламачилар кўпайгандан-кўпайиб, одамлар девоналар билан тиламчи ва товламачиларнинг фарқига бормай қўйди.

1990 йилги сайловларда, Қосим девона тумандаги сайлов участкаларини пиёда кезиб, «Қилма, қилма, қилма…гуноҳ, гуноҳ» дея, ҳаммани адолатли бўлишга даъват қилиб юрди. Буни, бугун кўпчилик эслайди. Ўшанда, сайловлар нисбатан адолатли ўтган эди. Кейин ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди…

Ҳисобласам, Ўзбекистонда тахминан сайловларда ўн мингдан ошиқ сайлов участкалари фаолият кўрсатади. Демак, мамлакатда сайловлар адолатли ўтиши учун «соғлар»ни назорат қилиб турадиган камида ўн мингта девона керак экан.

Яқинда, Қосим девонани уч-тўрт йил олдин ўлди, деб эшитдим. Оллоҳ уни марҳамига олиб, охиратини обод қилсин!

Насрулло Саййид. “Туронзамин” сайти, 2009- йил

Leave a comment