Байроғимиз ҳақида

NSayyid1990

Эртага Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга 18 йил тўлади.

Мовий, оқ-яшил ва қизил ранглар мужассам ўн икки юлдузли байроқ қандай қабул қилинган эди?

У кунлар тарихи ҳақида қўлимдаги ҳужжатлар ва суратлар етарли бўлмасада, билганимча байроқ тарихини баён қилишга жазм этдим.

Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутати бўлганим боис, ўша кунлар воқеа-ҳодисаларининг қоқ марказида эдим.

Воқеалар асносида нималарнидир илғамай қолган бўлишим мумкин, нималарнидир тўлиғича очиб бера олмасман. Албатта, байроқ қабул қилиш жараёнларини мендан чуқурроқ биладиганлар вақти келиб кемтикларимни тўлдиради, деган умиддаман!

Собиқ СССР таркибига кирган ўн беш республиканинг ҳар бирининг ўз байроғи бўларди. Байроқлар бирдай қизил бўлмаса ҳам, бошқа рангларга қизил ранг карвонбошилик қиларди. Сўзда «иттифоқдош» деб аталадиган бирор республика ўроқ ва болға тамғаси туширилган СССР байроғисиз ўз байроғини ҳаволантира олмасди. Иттифоқдош республикаларнинг байроқлари СССРнинг қип-қизил байроғи билан бирга, сал пастроққа осиб қўйиларди. Бу амалда Совет империясининг бутун ҳудудларда гегемонлигини ифодаларди.

Болтиқбўйи ва Кавказдаги баъзи республикалар руслар босиб олгунча мустақил бўлганлари ва ўз тимсоллари ва ўз байроқларига эга бўлган даврлар хусусида гапира бошлаган замонлар эди. Шўролар ҳудудларида тарихни қайтадан ёзиш ва ўтмишдаги хатоларни тўғирлаш ҳаракатлари кучайганди.

Bukhara_06

Бизда ҳам “Туркистон Мухторияти” ҳақида узуқ-юлуқ гаплар юрарди. Ленин бошлиқ болшевик тўдалар Чор Россиясидаги монархияни қулатганидан сўнгра Туркистонда ҳам мустақиллик ҳаракатлари бошланганлигини, 1917 йилнинг охирига келиб бу ҳаракатлар самараси ўлароқ Туркистонда мустақил бир давлат барпо этишга киришилганини ва у бор-йўғи 72 кун умр кўрганлигини ўзбекнинг илғор фикрли кишилари энди қўрқмай гапириб ёза бошлаган эдилар. Тарихда “Туркистон Мухторияти” деб номланган давлат бўлганлигини чет элларда кўпчилик билса ҳам, юрт ичида бу ҳақда аксар аҳоли ҳеч нима билмасди…

1921-йилнинг ёзида бир гуруҳ маҳаллий ватанпарварлар Аҳматзаки Валиди бошчилигида Бухорода “Туркистон Миллий Бирлиги” деган ярим яширин ташкилот ва унинг қошида эса “Эрк” сиёсий партиясини тузадилар. “Туркистон Миллий Бирлиги”нинг ягона мақсади – “Мустақил Туркистон Ислом давлати”ни қуриш эди.

Оддий оммани айтмай, тарихда Қўқонда «Туркистон мухторияти», Бухорода «Туркистон Миллий Бирлиги» ташкилотлари таъсис этилганлигини, шунингдек ушбу ҳаракатлар оқимида «Эрк» деган ҳуррият партияси ташкил бўлганлигини, ҳатто уларнинг ўз байроқлари ҳам борлигини мен ҳамсуҳбат бўлган кўплаб депутатлар билмасди.

Боболар ўртага келтирган «Туркистон Миллий Бирлиги» ҳаракатидан бизга оқ-қизил рангли, ой ва юлдузи бор бир гўзал байроқ мерос қолган.

1988 – 89 йилларда шаклланган “Бирлик” халқ ҳаракати ва «Бирлик» парчалангандан кейин «Бирлик»нинг ишини давом эттирган (1990 тузилган) “Эрк” демократик партияси ўша байроқни қайта тиклаш ва “Туркистон Миллий Бирлиги” бошлаб берган мустақиллик ҳаракатини кенг тарғиб қилишга енг шимарди. Воқеалар тизимини диққат билан кузатиб турган собиқ Иттифоқ даврида ҳокимиятни эгаллаб олган маҳаллий коммунист раҳбарлар “Туркистон Мухторияти” ва «Туркистон Миллий Бирлиги» ғояларининг қайта тирилишини ҳам, уларнинг байроқларининг янгидан долғаланишини ҳам асло ва асло истамас эдилар.

Bayroq

Каримов тарихга ўз нуқтаи назари ва манфаати доирасида жуда эҳтиёткорлик билан ёндошарди. Ундаги ўта шахсий масалаларга қарам ночор зеҳният миллий қарашларга тескари ўлароқ, бир пайтлар Қўқонда ўрнатилган мустақил мухторият ва Бухорода асос солинган Миллий Озодлик Ҳаракати фаолиятини сиёсий жиҳатдан тўғри мушоҳада қилишга ожиз эди.

1990 йилнинг 20 июнида демократик йўналишдаги бир гуруҳ депутатлар босими остида «Эрк» демократик партияси ҳайъати томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Мустақиллиги Декларасияси” қабул қилинди.

Кўпчиликни ташкил қиладиган коммунист депутатлар ва уларнинг бошини бирлаштириб турган Олий Кенгаш ҳалиям марказдан қўрқиб, жуда эҳтиёткорлик билан фаолият кўрсатарди. Яратилаётган қонунларнинг кўпчилигида ҳаливерин “Иттифоқ” ёки “Янгиланган Иттифоқ” атамалари ишлатилаётган эди.

Тарих саҳнасида Ўзбекистон Олий Кенгашига бир нафаслик демократик шабада туфайли сайланиб қолган, юрт мустақиллигига ташна, Туркистон Миллий Озодлиги учун курашлар тарихидан хабардор кичик бир депутатлар гуруҳи ва фақат юқорига қуллуқ қилишдан бошқа нарсага ярамайдиган мутлоқ кўпчилик оломонсифат депутатлар ўртасида тарихий бир сиёсий кураш жараёни кечаётган эди…

Россия, Беларус ва Украина республикалари томонидан 1991 йил 8 декабрда имзоланган “Беловеж шартномаси” СССР деган давлатни тугатиб, уни бутунлай “гўру чўп”га чиқаришига оз муддат қолганди. Ўрта Осиё республикаларидан ташқари барча иттифоқдош республикалар ўз мустақилликларини аллақачон эълон қилган, Ўзбекистондаги ҳукумат ортиқ ҳавода муаллақ қолишга маҳкум СССР президенти М.С. Горбачевга қуллуқ қилишдан тўхтамасди.

Ўзбекистон президенти Каримов “ГКЧП” Горбачевни тахтдан четлатмаган кунгача мустақиллик ҳақида гапиришдан ўзини тийиб турди. У мухолифатнинг сўзларига «бир сафсата» дея қарарди. Чунки, у ҳалиям шўроларнинг парчаланиб кетишига ишонмас, тарих ғилдирагининг орқага айланишидан умидвор эди. “Мустақиллик Декларасияси” қабул қилинганидан сўнг ҳам у бир йилу икки ой Москванинг йўриғи билан иш тутди. 1991 йилнинг 31 августида, у ниҳоят кутмаганда юрак ютиб мухолифат томонидан эълон қилинган мустақилликни тан олишга мажбур бўлди. Пишиб етилиб, ҳамма чегаралардан аллақачон ўтиб кетган вазият, уни шундай қилишга мажбурлади. Унинг, ортиқ бошқа йўли қолмаган эди. Олий Кенгаш залида ўтирган депутатлар Каримовнинг ўта эҳтиёткор ва қатъиятсизлигини билганлари боис, унинг тантанавор сўзларини бепарво кутиб олдилар…

uz-flag

Мустақиллиги эълон қилинган ёш давлатга биринчи навбатда байроқ, тамға, мадҳия ва Конститусия керак эди. Биринчи байроқ, ортидан тамға 1992 йил 2 июлда, Конститусия 1992 йил 8 декабрда ва мадҳия 1992 йил 10 декабрда қабул қилинди.

“Биз энди мустақил бўлдик, бизга битта байроқ керак. Тезда бир байроқ танламасак, халқаро майдонда уятли бўламиз” деганди ўшанда Каримов. Шу боис байроқ масаласи билан унинг шахсан ўзи шуғулланди. Мустақиллик эълон қилинган сессияда, биратўла байроқ учун танлов ҳам эълон қилинди.

Орадан кўп ўтмади. 1991 йилнинг 17-ноябрида депутатлар шошилинч сессияга йиғилдик..

Залнинг катта саҳнасига танлов бўйича тайёрланган байроқларнинг эскизлари чиқариб қўйилди.

Олдинги сессияда “Туркистон Миллий Бирлиги” байроғини танловга тавсия қиламиз деб келишиб олгандик. Фарғоналик депутат Садирали Умаров сессияга байроқни қаердандир топиб олиб келди.

Мен Садирали Умаровни 1990 йил 20 июнда “Мустақиллик Декларасияси”ни қабул қилинган кезлардан яхши танирдим. Мен Ўзбекистон байроғини саҳнада кўтариб, “Яшасин Мустақиллик!” деб қичқирганимда, у биринчи бўлиб олдимга чиқиб, мени кўзларидаги қувонч ёшлари билан қучиб, қутлаганди. Шу-шу, иккаламиз иноқ эдик. Аллоҳнинг изни билан “Туркистон Миллий Бирлиги” байроғини ҳам биргалашиб, саҳнага олиб чиқиб, бошқа байроқлар қаторига илиб қўйдик.

Барча байроқлар махсус тайёрланган тахта рамкаларга солиб (чунки улар ҳали қоғозда эди) осилган эди. Олий Кенгашда юрт Озодлиги учун курашган аждодларимиздан қолган тарихий байроқ ҳам пайдо бўлди. У чеккада рамкага солинмаган ҳолда турарди.

Залдаги баъзи бир коммунистик эски тузум тарафдорлари бу ишимизга норозилик ўлароқ роса шовқин кўтарди. Уларнинг ичидан: “Бу байроқни саҳнадан йўқотинглар, бу байроқ ватан хоинларининг байроғи” дея бақирганлар ҳам бўлди. Аслида, улар ўзларининг ўта кетган хоин ва жоҳилликларидан бехабар эдилар.

Каримов залга кириб келганида, биз саҳнага қўйган “Туркистон Миллий Бирлиги ” байроғига бироз тикилиб турдида, индамай жойига бориб ўтирди.
Унинг индамасдан бориб жойини эгаллаши, балки…

Тўртта байроқ намуналари юзасидан музокоралар бошланди.

Юрт мустақиллиги учун курашган аждодларимизнинг тарихий байроғини ҳам бир неча депутат ёқлаб гапирди. Аммо кўпчилик ҳар доимгидек ўзича ташаббус кўтаришдан чекилиб турар, демократик қарашдаги депутатлардан бошқа ҳамма Каримовнинг хоҳиш-истаги доирасида иш кўришга кўника бошлаган эди.

Улар ортиқ «коммунистик лайчалик»ка қўл силтаб, мустақил Ўзбекистоннинг янги «дода»сига ўзларини мослаштираётган эдилар. Буни яхши биладиган Каримов: «Бу ерда ҳамма нарса ифодаланган, тарихимиз ҳам бор, мусулмончилигимиз ҳам бор, ниятимизнинг поклиги ва ойдин йўлимиз ҳам бор» дея, маккорлик билан ҳозирги Ўзбекистон давлат байроғини олдинга сурди. Пиримқул Қодиров сингари уч-тўрт депутат минбарга чиқиб, Каримовнинг фавқулотда “доно”лигига тасаннолар айтдилар. Шу байроқнинг бизга жуда мослигини таъкидлаб, бошқа байроқ эскизларини чипакка чиқаришга киришдилар. Кимдир, минбарга чиқиб оқ ранглар четидаги ингичка қизил ҳошияни олиб ташлашни ҳам таклиф қилган бўлди…

Озодлик учун кураш тимсоли ўлароқ тарихдан бизгача етиб келган байроғимиз етарлича овоз ололмади. Ҳозирги байроқ намунаси унча-бунча нуқсонларга қарамай Каримовнинг хоҳиши доирасида шошма-шошарлик билан тасдиқлаб юборилди. Албатта, биз бунақа хом-хаталаликка қарши овоз бердик, афсус кучлар тенг эмас эди….

Фикримча, «Туркистон Миллий Озодлиги» ҳаракатлари бир пайтлар қабул қилган байроқ Мустақил Ўзбекистоннинг руҳига ва қиёфатига ҳар томонлама мос тушарди. Кўпчилик депутатлар ўшанда бу масалага жиддий ёндашмади. Тарихимизни яхши англамасдан Каримовнинг раъйига қараб, юзаки муҳокама билан бугунги байроқни тасдиқлаб юборавердилар.

Балки, бу масала аждодлар тарихига ҳурмат асносида чуқур таҳлил қилинганда, ёндошув бошқача бўлармиди…

Ҳозирги байроғимиздаги ранглар ва айрим белгилар ҳақиқатан мавҳум. Шунга қарамасдан биз Ўзбекистон байроғини бошимизнинг туғи ўлароқ севамиз ва унинг ҳеч қачон ерга инмаслиги учун ҳамма нарсага тайёрмиз!

Худди шу сингари тарихий “Туркистон Мухторияти” ва «Туркистон Миллий Бирлиги» байроқлари ҳам мен учун муқаддасдир…

Насрулло Саййид
2007 йил, 17 ноябр

Leave a comment